Отажоновдан кейин Ҳалима, Шаҳло Аҳмедова ва Абдулла Қурбонов ҳам лицензия олди
Маданият-санъат
−
16 Октябрь 2019
12887Бугун, 16 октябрь куни “Ўзбекконцерт” давлат муассасасида ўтган навбатдан ташқари йиғилишда жорий йилнинг 14 октябрь куни лицензиясидан маҳрум этилган хонанда Жаҳонгир Отажоновга яна концерт-томоша фаолиятини юритиши учун лицензия тақдим этилгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу йиғилишда Отажонов қаторида бошқа санъаткор ва саноаткорлар ҳам лицензиясини олган. Жумладан, хонандалар Абдулла Қурбонов, Шаҳло Аҳмедова, сўз устаси Ҳалима Ибрагимовага яна фаолиятини давом эттириш учун лицензия тақдим этилган.
Маълумот ўрнида:
• Хонанда Шаҳло Аҳмедовага “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан 2017 йил 11 июль куни берилган лицензия “Летние дожди” деб номланган видеоклипида миллий маънавиятга ёт бўлган, томошабинларнинг эътиборини жалб этиш учун ўзбек халқи менталитетига зид, шарқона одоб-аҳлоқ меъёрларига тўғри келмайдиган ҳаракатлардан тап тортмай, йигит ва қизнинг ишқий кечинмаларини очиқ-ошкора ифода этиб, буни андишасизларча тасвирга олиб кенг оммага намойиш этгани учун 2018 йилнинг 13 ноябрь куни;
• Сўз устаси Ҳалима Ибрагимовага “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан берилган лицензия актрисанинг ижтимоий тармоқларда сўкинган ҳолатда тарқалган видеолари учун 2019 йилнинг 26 февраль куни;
• Хонанда Абдулла Қурбоновга “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан берилган лицензия у томонидан санъаткор одобига тўғри келмайдиган ноўрин сўзлар орқали муборак Рўзаи Рамазон ойида кенг омманинг ғашига тегиш ҳоллари кузатилгани сабаб 2019 йилнинг 31 май куни бекор қилинган эди.