Отажонов ва Оллақуловни сафимизга олмаймиз – Алишер Қодиров

Интервью

0:00
0:00
download

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кутилмоқда. Бу орада эса Ўзбекистонда мухолиф партия тузиш ва Президент сайловида номзодини кўрсатиш таклифи билан чиққанлар бўлди. Айтайлик, хонанда Жаҳонгир Отажонов сиёсий фаолиятни бошлаганини эълон қилиб, Туркияга кетди ва Президент бўлмоқчилигини айтди. Термиз давлат университетининг собиқ ректори Хидирназар Оллақулов эса Президентликка номзодини қўймоқчилиги, аввал партия тузишга уринаётгани, лекин унга нисбатан ташқи босим бўлаётганини айтиб чиқди. 

Юқорида номлари келтирилган шахслардан бири – Жаҳонгир Отажонов аллақачон сиёсий мақсадларидан воз кечиб, хонандаликка қайтди. Ҳолбуки, Оллақулов ва Отажонов илгари сураётган фикрлар нисбатан “Миллий тикланиш” партияси ғояларига мутаносиб. Хўш, нима учун бундай вазиятда Ўзбекистондаги бирорта партия, хусусан “Миллий тикланиш” Отажонов ва Оллақуловни ўз сафига олмади? Бу каби саволлар билан QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов “Миллий тикланиш” партияси раиси – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодировга юзланди. 

“Сиз назарда тутаётган “партияларингиз” партия сифатида рўйхатдан ўтмади, лекин ўтишга ҳаракат қилишди. Мен кўп интервьюларимда айнан шуни айтдим: Ўзбекистонда партияни рўйхатдан ўтказиш қийин эканлиги нимага асосан хулоса қилиняпти? Менимча, Жаҳонгир Отажонов партиясини рўйхатдан ўтказиш учун ҳаракат ҳам қилгани йўқ. Аммо, Хидирназар Оллақулов бошчилигидаги партия рўйхатдан ўтишга ҳаракат қилиб кўрди”, дейди Алишер Қодиров.

“Миллий тикланиш” раҳбарининг фикрича, Оллақулов ва тарафдорлари партия тузиш бўйича Адлия вазирлигига ҳужжат топширмай турибоқ, ижтимоий тармоқлар ва одамлар орасида шовқин кўтариш билан шуғулланган. 

“Рўйхатдан ўтмоқчи бўлган партия рўйхатдан ўтишидан бир ой олдин фақат “шовқин” билан шуғулланди. Сиз ўз хайрихоҳларингизни сафингизга қўшсангиз бўлмайдими, деб айтяпсиз. Мен мана шу партияларнинг бутун ҳатти-ҳаракатини кузатиб бордим. Ишонасизми, нафақат хайрихоҳларни излаш, балки ўзимиз учун ушбу жараёнлардан қандайдир ижобий нарсаларни топиш учун кузатдим. Аммо бу тескари реакция берди, бор ҳурматимиз ҳам тушиб кетди. 

Партия ташкил қилмоқчи бўлган инсоннинг олдида турган биргина масала – рўйхатдан ўтиб олиш. Бунинг манзили аниқ – Адлия вазирлиги. Борасиз, керакли ҳужжатларни топширасиз, сизга камчиликларини кўрсатишади, камчиликларни бартараф этасиз. Журъат билан яна кирасиз, топширасиз. 

Aгар шу жараёнда сизга нисбатан қандайдир сунъий ҳаракат бўлса, бу ҳақида конференциялар ёки брифинглар қилиш мумкин. Бунинг ўз тартиб ва таомиллари бор. Лекин биз бу шу партиялардан буни кўрдикми? Бир марта рўйхат олиб борилди ва у рўйхатда ҳам “ўлик жонлар”, имзоси тасдиқланмаган минглаб одамлар ҳақида гап кетган. Мен буни муҳокама қилмоқчи эмасман. Мен айтмоқчи бўлган нарса шуки, биз ўз анъанаси бор,  Ўзбекистон мустқиллигидан кейин елкасига бир ғояни олиб, мана шу ғоя учун курашаётган партия сифатида партия бўлиш учун бундай ножиддий ва самарасиз, қандайдир ташқаридаги кучларга хизмат қилувчи “шовқин”ни яратиш мақсадида ташкил этилаётган партияни нафақат сафимизга олмаймиз, ҳатто, қўллаб-қувватламаймиз ҳам, маъқулламаймиз ҳам”. 

Партия раҳбари сўзида давом этаркан, Ўзбекистонда сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш қийин, деган фикрларни рад этди: 

“Мана шу икки вазиятдан келиб чиқиб, Ўзбекистонда сиёсий партияни рўйхатдан ўтказиш қийин, деб гапирмаслик керак. Партияни рўйхатдан ўтказиш бўйича қонунчиликда нормалар белгилаб қўйилган. Имзо масаласидаги жараёнларни кимлардир “атайлаб қилинган”, дейди. Ҳатто, биз ва бошқа партияларда ҳам шунга ўхшаш воқеалар кўп бўлади: Президентлик ва Парламент сайловларида иштирок этиш учун имзо варақалари топширилади. Мана шу пайтда бизда ҳам 5-10 фоиз атрофда яроқсизлари чиқади. Имзолар бир-бирига ўхшаб қолган ёки тасдиқланмай қолган имзолар бўлади. Бу табиий жараён. Уларга жавоб бермайдиган ҳолат бўлса ва партия рўйхатдан ўтказилиши рад этилса, “Бу уюшитирилди, атайлаб қилинди”, дейишади. Бу фикрни мен умуман қўллаб-қувватламайман”. 

“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров билан суҳбатни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Қодиров Миллий тикланиш

Баҳолаганлар

188

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг