Отабек Умаров янги лавозимга тайинланди

Спорт

image

Марказий Осиё ММА Конфедерацияси раҳбари Отабек Умаров Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти этиб тайинланди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўмоннинг Маскат шаҳрида Осиё Олимпия Кенгаши (ООК)нинг навбатдаги Бош Ассамблеяси ўз ишини бошламоқда. Бугун, 15 декабрь куни Ассамблеядан бир кун аввал анъанага кўра 74-Ижроия қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилот раҳбариятининг янги таркиби ва Ижроия қўмитасига аъзолар сайланди.

Ўзбекистон 2025 йил IV ёшлар Осиё ўйинларини қабул қилиши эвазига биринчи марта ўз вакилини сайёранинг энг йирик қитъасида олимпия ҳаракатига масъул бўлган ташкилот раҳбариятига номзод сифатида таклиф этиш имконига эга бўлди. Бу лавозимга Отабек Умаров номзоди кўрсатилганди.

Бугун бўлиб ўтган Осиё Олимпия Кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилишида Отабек Умаров номзоди бир овоздан маъқулланди ва Отабек Муҳаммадилевич ташкилот вице-президенти этиб расман сайланди.

“Авваламбор, менга билдирилган юксак ишонч учун барчага ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Бундай нуфузли ташкилотда мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, қитъада олимпия ҳаракатини ривожлантиришга ҳисса қўшиш мен учун шараф. Тошкентда ўтадиган 2025 йилги ёшлар Осиё ўйинларини ўтказиш Янги Ўзбекистон учун жаҳон ҳамжамияти олдидаги жиддий синовлардан бири. Муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ушбу мусобақани юқори савияда ташкил қилишга бор куч ва ғайратимизни ишга соламиз”, деди Отабек Умаров.

Эртага, 16 декабрь куни Маскатда Осиё Олимпия кенгашининг Бош Ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Отабек Умаров расман ООК вице-президенти сифатида иштирок этади. Янада аҳамиятлиси, Ассамблея доирасида ООК ва Ўзбекистон томони ўртасида 2025 йил ёшлар Осиё ўйинларини Тошкентда ўтказиш бўйича шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Отабек Умаров

Баҳолаганлар

530

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг