Отабек Маҳкамов Шавкат Мирзиёевга ўз китобини совға қилди
Маданият-санъат
−
20 Сентябрь 2023
16360Таниқли юрист ва блогер Отабек Маҳкамов ўзининг “Юксалиш сари, тасодиф бўлмаган 100 та учрашув” номли китобини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга совға қилди. Бу ҳақда блогернинг ўзи Instagram саҳифаси орқали хабар берди.
Гап шундаки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида иштирок этиш учун АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрига борган Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 18 сентябрь куни Қўшма Штатларда яшаётган ва ишлаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар ҳамда ушбу мамлакатнинг етакчи олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан учрашган эди. Ушбу учрашувда иштирок этган Отабек Маҳкамов Президентга ўз қаламига мансуб китобни совға қилган.
Давлат раҳбари Маҳкамовдан ушбу совғани қабул қилиб олганини Президент Матбуот хизмати ҳам тасдиқлаган. Матбуот хизмати томонидан эълон қилинган суратда Шавкат Мирзиёевни қўлида китоб тутган ҳолда кўриш мумкин.
Кўплаб фильмларда роль ижро этган Отабек Маҳкамов кўп йиллардан буён АҚШда истиқомат қилиб келмоқда ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали АҚШдаги ўзбеклар ҳаётини кўрсатиш билан банд.
У президентга китоб совға қилганини француз ёзувчиси Александр Дюманинг сўзлари билан изоҳлади.
“Дунёқараши кенг ва ўзининг устида тинмай ишлайдиган инсонга энг яхши совға – бу китоб. Лекин китобдан кўра яхшироқ бўлган совға – бу бошқа китоб. Шунинг учун ҳам мен ушбу учрашув жараёнида Шавкат Миромоновичга муаллифи ўзим бўлган “Юксалиш сари, тасодиф бўлмаган 100 та учрашув” деб номланган китобимни совға қилдим”, деб ёзди блогер ўзининг Instagram саҳифасида.
19 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотида 140 та давлатнинг президентлари ва ҳукумат раҳбарлари қаршисида нутқ сўзлади. Отабек Маҳкамов хам ушбу учрашувда қатнашди.
Маълумот учун, Маҳкамов ўзининг YouTube саҳифаси учун бир гуруҳ машҳур шахслардан интервью олган. Улар орасида таниқли актёрлар Кэри-Хироюки Тагава, Фредерик Дифенталь, Арманд Ассанте, Митхун Чакраборти, бастакор Эннио Морриконе бор. Кейинчалик муаллиф ушбу учрашувларни бир китобга жамлади. Китоб Жанубий Кореяда аукционга қўйилди ва 7 минг АҚШ долларига сотилди. Ушбу пуллар эса Ўзбекистондаги болаларни даволаш учун йўналтирилди.