Остонада йиғилаётган ШҲТ етакчилари. Саммитдан нималар кутилмоқда?
Олам
−
03 Июль
51383-4 июль кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 24-кенгайтирилган саммити бўлиб ўтади.
Бир кун аввал Хитой раҳбари Си Цзиньпин давлат ташрифи билан Қозоғистонга борди. У ҳам саммитда иштирок этади. Россия Президенти Владимир Путин эса бугун, 3 июль куни эрталаб Остонага етиб борди.
Шунингдек, Қозоғистон пойтахтига мамлакати ташкилотда кузатувчи бўлган Мўғулистон Президенти Ухнаагиин Хурэлсух ҳам келди. Остонадаги саммитда ШҲТнинг марказий осиёлик аъзоларидан Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этади. Тожикистон томонидан саммитда Президент Имомали Раҳмоннинг қатнашиш-қатнашмаслиги ҳозирча маълум қилинмади.
Ҳиндистон томондан саммитда Бош вазир Нарендра Моди эмас, балки Ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жайшанкар иштирок этади. Покистон томонидан эса Бош вазир Шаҳбоз Шариф қатнашади. Эрондан президент вазифасини бажарувчи Муҳаммад Мохбер келади. ШҲТда кузатувчи мақомидаги Беларусга эса Александр Лукашенко вакиллик қилади.
Саммитнинг кенгайтирилган формати ташкилотнинг мулоқот бўйича ҳамкорлари бўлган мамлакатлар раҳбарларининг иштирок этишини назарда тутади. Улар орасида Озарбайжон, Қатар, БАА, Туркманистон ва Туркия бор. Озарбайжон ва Туркиядан Президентлар Илҳом Алиев ва Ражаб Тойиб Эрдўған иштирок этади.
Маълумот учун , Халқаро ташкилотлардан ШҲТнинг Остона саммитида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев ва КХШТ Бош котиби Имангали Тасмагамбетов, шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳамда Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти раҳбарлари иштирок этади.
“Кўп томонлама мулоқотни мустаҳкамлаш: барқарор тинчлик ва тараққиётга интилиш” шиори остида ўтадиган саммитнинг асосий кун тартиби долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишда ШҲТ ролини кучайтиришдан иборат бўлади. Раҳбарлар барқарорликни таъминлаш учун биринчи навбатда халқаро савдо ва иқтисодиётга эътибор қаратиш ниятида. Саммитда минтақавий хавфсизлик, инфратузилма, энергетика, экология, соғлиқни сақлаш, туризм, таълим, рақамлаштириш, транспорт ва логистика масалалари ҳам муҳокама қилинади. Саммит якунлари бўйича турли соҳаларга оид 20 дан ортиқ ҳужжатлар, жумладан, ШҲТнинг долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар ва истиқболли тадқиқотлар бўйича позициясини акс эттирувчи Остона декларацияси, шунингдек, ШҲТнинг 2035 йилгача ривожланиш стратегияси ва “2030 йилгача ШҲТ энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегияси” қабул қилинади.
Саммит кун тартибидаги муҳим мавзулардан бири ҳам терроризмга қарши кураш мавзуси бўлади. Тадбирда “2025-2027 йилларга мўлжалланган терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастури” ва “ШҲТнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган наркотикларга қарши кураш стратегияси” муҳокама қилинади. Беларуснинг ШҲТга тўлақонли аъзолиги бўйича қарор қабул қилиниши кутилмоқда. Саммитдан сўнг ШҲТга раислик Хитойга ўтади.
Азизбек Эшмаматов