Остин АҚШ мудофаа бюджетини 1 трлн долларга оширишга чақирди

Олам

image

АҚШ Мудофаа вазири лавозимини тарк этаётган Ллойд Остин ҳарбий харажатларни 2026 йил учун жорий прогнозлардан қарийб 50 миллиард долларга оширишни тавсия қилди, бунинг натижасида яқин йилларда АҚШ мудофаа бюджети бир триллион доллардан ошиши мумкин. Бу ҳақда “Bloomberg News” бугун, 13 январь куни хабар берди.

Оқ уй бошқарув ва бюджет идорасига юборилган хатнинг нусхасидаги маълумотга кўра, унда Остин сайланган президент Дональд Трампнинг маъмуриятига беш йиллик мудофаа режасини қолдиришни тавсия қилган, унга кўра 2026 йилда унга 926,5 миллиард доллар ажратилади, гарчи бу маблағ 876,8 миллиард доллар бўлиши кутилган эди.

Пентагон раҳбари мудофаа бюджети 2027 молия йилида 972,8 миллиард доллар, 2028 йилда эса 1 триллион доллардан ортиқни ташкил этиши кераклигини айтган.

“Стратегиямиз талабларига жавоб бериш учун 2026-2030 молиявий йилларида инфляциядан юқори реал ўсиш ва барқарор янги инвестициялар керак”, деган Остин.

“Bloomberg News” маълумотларига кўра, Остин мудофаа харажатларини 2027 ва 2030 молиявий йиллар оралиғида АҚШ ЯИМнинг тахминан 3 фоизини ташкил этишга чақирди. Бошқарув ва бюджет идораси ҳисоб-китобларига кўра, 2024 молия йилида ЯИМнинг 3,2 фоизи мудофаага йўналтирилган.

Ллойд Остин ўз мактубида Пентагон молиялашда Украина ва Исроилга ёрдам кўрсатилмаслиги кераклигини таъкидлаган. Мудофаа вазирлиги раҳбарига кўра, хорижий ҳарбий ёрдам қўшимча маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши керак.

Трамп Остиннинг тавсиясини қабул қиладими ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас. Ўтган ҳафта АҚШнинг сайланган президенти АҚШнинг НАТОдаги иттифоқчилари ялпи ички маҳсулотининг беш фоизини мудофаага сарфлашлари кераклигини айтган эди. Бу ҳозирги икки фоиз даражасидан сезиларли даражада юқори.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Будапештда йил якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг НАТО мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача ошириш таклифи Венгрия учун ҳалокатли бўлишини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ мудофаа бюджети Остин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг