Осмон узилиб, ерга тушгани йўқ — Президент “прописка“, ”стикер“ ва ”қора бозор"нинг йўқ қилингани ҳақида

Жамият 27119
image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев босма нашрга берган интервьюсида мамлакатда прописка, мажбурий меҳнат ва “қора бозор” йўқ қилинганига тўхталиб ўтди.

“Сўнгги пайтда кўпгина масалаларда, жумладан, “прописка”, хорижга чиқиш учун “стикер”, мажбурий меҳнат, пахта ва ғаллага давлат буюртмасини белгилаш каби эски тартиблардан мутлақо воз кечиш бўйича ғоят муҳим қарорлар қабул қилдик.

Содда қилиб, жайдари тилда айтадиган бўлсак, бу билан осмон узилиб, ерга тушгани йўқ. Аксинча, бюрократия, вазифани суиистеъмол қилиш, тамагирлик кўринишлари камайиб, жамиятимиз ҳаёти эркинлашди, одамлар енгил нафас ола бошлади. Халқимиз ҳам, дунё жамоатчилиги ҳам бу қадамларимизни ижобий баҳоламоқда”, дейди Президент.

Давлат раҳбари Янги Ўзбекистон – бу, аввало, янгича иқтисодий муносабатлар, янгича иқтисодий дунёқараш эканини, шу боис иқтисодий тизими тўлиқ қайта қурилаётгани ва бозор механизмлари жорий қилинаётганини таъкидлади.

“Ҳозирги вақтда электрон карточкадаги пулларни банкоматлар орқали нақд пулга айлантириш, миллий валюта курсининг “қора бозор”да – бир хил, банкларда эса бошқача бўлиши, хорижий валюталарни сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан уй-жой ва мол-мулк сотиб олиш ҳамда уларни рўйхатга қўйиш билан боғлиқ муаммолар тарихда қолди”, дейди ўзгаришлар ҳақида сўз юритиб.

Шавкат Мирзиёев узоқ йиллар давомида одамлар пахта теримига мажбуран олиб чиқилганини эслаб, эндиликда соҳага бозор иқтисодиёти жорий қилинганини урғулади.

“Яқин-яқингача ҳар йили тахминан 6-7 миллион одам пахта теримига мажбуран сафарбар этиларди. Мана, уч йилдан буён улар бу машаққатдан қутулди. Қанчалик қийин бўлмасин, бу соҳада биз бозор иқтисодиётининг синалган ва самарали усулларини, жумладан, кластер тизимини жорий этдик. Кластерлар ёрдамида гектаридан пахта бўйича – 50 центнер, ғалла бўйича 100 центнердан ҳосил олишни кўзлаяпмиз ва бу марраларга албатта эришамиз.

Афсуски, мамлакатимизда тезлик билан ҳал этиш керак бўлган ўткир муаммолар бошқа соҳаларда ҳам йиғилиб қолган эди. Ҳаммаси жойида, деган кайфият билан уларни билиб – билмаганга, кўриб – кўрмаганга олиб, ғафлат уйқусига ботиб юравериш ҳам мумкин эди. Лекин бу ўзимизга, халқимизга, келажакка нисбатан хиёнат бўларди”, дейди Президент.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 0
Рейтинг: 3
t
×