Осиё кубогининг дастлабки сенсацияси қайд этилди
Спорт
−
19 Январь
19110Бугун, 19 январь куни футбол бўйича Осиё кубогининг 2-тур ўйинлари давом эттирилди. “D” гуруҳининг 2-тури доирасида Ироқ терма жамоаси мусобақанинг асосий фаворитларидан бири бўлган Япония билан куч синашиб, ғалаба қозонди.
Баҳсда 2:1 ҳисобида ироқликларнинг қўли баланд келди. Ироқ сафидаги ҳар икки голга 18-рақамдаги футболчи Айман Ҳусейн муаллифлик қилди. Япония футболчиларидан эса 90+3 дақиқада Ватару Эндо битта жавоб тўпини киритди.
Шундай қилиб, “D” гуруҳида Ироқ терма жамоаси 6 очко билан етакчиликни ўз қўлига олди ва муддатидан аввал кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди. Япония эса 3 очко билан 2-поғонани банд этиб турибди.
Гуруҳ босқичининг охирги турида Япония Индонезия билан, Ироқ эса Ветнам билан баҳс олиб боради. Баҳслар 24 январь куни бўлиб ўтади.