Орбанникида меҳмонда бўлган ЕИ етакчилари “Европани ҳам яна буюк қилиш”га қарор қилди
Олам
−
09 Ноябрь
3083Дональд Трампнинг АҚШ президентлик сайловидаги ғалабасидан сўнг кеча, 8 ноябрь куни Европа Иттифоқи ва унинг давлатлари раҳбарлари Будапештдаги саммитда рақобатбардошликни тиклаш учун ислоҳотлар ўтказишга қарор қилишди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
EИ вакилининг маълумотларига кўра, Янги геосиёсий шароитда АҚШда Дональд Трампнинг ғалабаси ва Германияда ҳукмрон коалиция парчаланганидан сўнг Европа Иттифоқи ва унинг мамлакатлари етакчилари блок позициясини мустаҳкамлаш йўлларини изламоқда. Саммитнинг асосий мавзуси жаҳон бозорларидаги рақобатбардошлик ҳақида бўлган.
“Учрашув иштирокчилари Грузиядаги вазиятни муҳокама қилиш учун етарли вақтга эга бўлмади”, дейди EИ вакили.
Қайд этилишича, Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель бир кун аввал Европа сиёсий ҳамжамиятининг форумида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе билан учрашишга муваффақ бўлган ва уни Европа интеграциясини қайта йўлга қўйишга чақирган. Ҳозирча бу жараён Тбилиси томонидан Европа Иттифоқи тамойилларига зид бўлган чет эл таъсири ва “оилавий қадриятларни ҳимоя қилиш” тўғрисидаги қонунлар қабул қилингани сабабли амалда тўхтатиб қўйилган. Аввалроқ Еврокомиссия Грузиянинг Европа йўналишини давом эттириш учун мазкур қонунларни бекор қилиш зарурлигини айтганди.
Литва Президенти Гитанас Науседа бу воқеа яқин келажакда содир бўлишига ишонмаса-да, Европа Иттифоқи нуқтаи назарини Тбилисига етказиш ғоят муҳимлигига ишонч билдирган.
“Аниқ хабар юборишнинг ўзи кифоя: Дўстлар, агар сиз шундай йўл тутсангиз, EИ билан яқинлашишга умид қила олмайсиз. Сиз ундан узоқлашиб, қарама-қарши йўналишда ҳаракат қиляпсиз. Умид қиламанки, бу таклиф қабул қилинади ва тушунилади, шунингдек, Грузия барибир ўз йўналишини қайта кўриб чиқади. Аммо ҳозирча бу яқин келажакда рўй бериш эҳтимоли юқори эканини кўрмаяпман", дея таъкидлади у Будапештдаги матбуот анжуманида.
Литва Президенти, шунингдек, Грузия парламент сайловларидаги қоидабузарликларни мустақил халқаро тергов қилишга чақирган.
Эстония Бош вазири Кристен Михал сўнгги сайловлар эркин ва адолатли деб тан олинмагани сабабли Грузиянинг Европага йўли унинг раҳбарлари томонидан тўхтатилганини эълон қилиш кераклигини таъкидлаган. Европа Иттифоқи грузин халқининг аъзоликка бўлган самимий интилишини эслаб қолганини қўшимча қилган.
Европа Кенгаши раиси Шарль Мишель эса нафақат Европа Иттифоқида, балки бошқа мамлакатларда ҳам ўтган сайловларнинг шаффофлиги бўйича шубҳалар мавжудлиги, қалбакилаштириш бўйича жиддий иддаолар борлиги ва бу атрофлича терговни талаб қилиниши талабини қўйган.
“Барча жараёнлар адолатли ва шаффоф тарзда ўтганига ишонч ҳосил қилиш учун бизга бу жараён ҳақида аниқлик керак," дейди у.
Энди Европа Иттифоқининг ушбу мамлакатдаги сайловлар, Брюссель ва Тбилиси ўртасидаги муносабатлар ҳолати ҳақидаги хулосаларини фақат 18 ноябрь куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича кенгашидан кейин кутиш мумкин.
ЕИнинг 27 мамлакати етакчилари Европанинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва АҚШ кўмагидан мустақил тарзда Украина мавзусига ҳам тўхталган. Хусусан, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель “Европа учун омон қолиш рецепти” билан ўртоқлашди. Унинг фикрича, европаликлар ўз хавфсизлигини бошқаларга топширмасдан, дунё миқёсидаги муаммоларга қарши тура оладиган кучли ва мустақил Европани барпо этиш учун бирлашиши зарур.
“Агар сиз геосиёсий ўйин дастурхонида ўтирмасангиз, унда таомга айланасиз. Украина ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Украина таомномада эмас, дастурхон атрофида бўлиши керак. Шунинг учун биз унинг мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашда давом этишимиз лозим. Нима бўлишидан қатъи назар, биз Украина олдидаги мажбуриятларимизни бажаришда давом этишимиз шарт”, дейди Боррель.
Боррель яқин кунлар ичида Россия ҳарбий тажовузидан ўзини ҳимоя қилаётган мамлакатга ташриф буюришини маълум қилган. Маълумот учун, у декабрь ойида ўз лавозимини тарк этади ва унинг ўрнини Еврокомиссиянинг янги таркибида Эстониянинг собиқ бош вазири Кая Каллас эгаллайди.
Шарль Мишельнинг ваколат муддати ҳам якунланмоқда, унинг бу лавозимдаги охирги Еврокенгаши ҳам шу бўлди. У ўз нутқида Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириши кераклигини, агар Украина қўллаб-қувватланмаса, Путин ва дунёдаги бошқа авторитар режимлар учун нотўғри сигнал бўлишини яна бир бор эслатиб ўтган.
Якуний матбуот анжуманида у ва Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен, Дональд Трампнинг келажакдаги маъмуриятига Украинани Россияга қарши курашда қўллаб-қувватлаш зарурлигини тушунтириш кераклиги айтиб, Россия нафақат Европа қитъасида, балки ундан ташқарида ҳам таҳдид туғдираётганига урғу берган. Яқин вақт ичида Еврокенгашнинг янги раиси, Португалиянинг собиқ бош вазири Антониу Кошта ҳам бу масала билан шуғулланиши керак бўлади.
Фон дер Ляйен Европа Комиссиясини яна бир муддатга бошқаришда давом этади. Будапештда йиғилган Европа Иттифоқи мамлакатлари раҳбарлари унга Европа Иттифоқи иқтисодиётини мустаҳкамлашнинг янги стратегияси ва жадвалини ишлаб чиқишни топширган.
Еврокенгашнинг қўшма баёнотида таъкидланишича, Европа Комиссияси раҳбари ўз жамоаси билан инвестицияларни рағбатлантириш ва ўсиш суръати пасайган иқтисодиётни жадаллаштириш мақсадида молия бозорлари, энергетика ва телекоммуникация соҳаларини қандай такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши лозим.
Трамп ғалабасидан сўнг, узоқ вақтдан бери амалга оширилиши зарур бўлган иқтисодий ислоҳотлар янада муҳимроқ аҳамият касб этган. Энди Европа Иттифоқи АҚШ ва Хитой билан блокнинг рақобатбардошлигини тезкор тиклаш зарурлигини англамоқда. Ҳатто саммитнинг кутилмаган мезбони Виктор Орбан ҳам бу фикрга қарши чиқмади ва бунинг учун Европа Иттифоқи бирлашиши ҳамда “Европани яна буюк қилиши” кераклигини таъкидлаган.
Моҳинур Каримова
LiveБарчаси