Орбан Хитойга борди
Олам
−
08 Июль
4546Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Хитой пойтахти Пекинга борди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби бугун, 8 июлга ўтар кечаси маълум қилди.
Венгрия Бош вазири вакилининг аниқлик киритишича, Орбан Пекинда Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказмоқчи. Сиёсатчининг ўзи унинг ташрифи Украинадаги урушни дипломатик йўл билан ҳал қилиш бўйича “тинч миссия”нинг давоми эканини айтди. ТАСС агентлигининг хабар беришича, Виктор Орбан аввалроқ 8 июль куни “сюрприз ва кутилмаган учрашувлар” бўлишини маълум қилган.
Маълумот учун, 2 июль куни Венгрия Бош вазири Украинада уруш бошланганидан бери биринчи марта Киевга борганди. У ерда Орбан мамлакат Президенти Владимир Зеленскийга вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди.
Ўша куни Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида гапирган Орбан Будапешт Киевнинг тинчликка эришишга қаратилган ташаббусларини қадрлашини, бироқ уларни амалга ошириш кўп вақт талаб қилишига ишонишини таъкидлади.
5 июль куни Виктор Орбан эълон қилинмаган ташриф билан Москвага борди. У ерда Орбан Россия Президенти Владимир Путин билан учрашди ва шундан сўнг у Украина ва Россия томонларининг Украинадаги урушни тугатиш бўйича позициялари бир-биридан ниҳоятда узоқ эканлиги ҳақидаги хулосага келди.
Венгрия Бош вазири Путиннинг учта масала бўйича фикрини ўрганганини айтди: турли тинчлик ташаббуслари, ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокаралари имкониятлари ва урушдан кейинги Европага қарашлари.
Айни пайтда Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель Венгрия Европа Иттифоқига раислик қилган ҳолда Россия билан ҳамкорлик қилиш ваколатига эга эмаслигини айтди.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жосеп Боррель ҳам Орбаннинг Москвага ташрифи фақат икки томонлама муносабатлар доирасида амалга оширилаётганини таъкидлади. Унинг эслатишича, Брюсселнинг Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушига нисбатан расмий позицияси “Европа Иттифоқи ва Президент Путин ўртасидаги расмий алоқаларни истисно қилади”.
LiveБарчаси