Оппенгеймернинг набираси атом энергиясидан иқлим ўзгаришига қарши курашда фойдаланишни таклиф қилди
Олам
−
05 Июнь
3961Атом энергияси технологияларидан дунёни йўқ қилишда эмас, балки уни қутқариш учун фойдаланиш мумкин. Бу ҳақда Иккинчи жаҳон уруши даврида Японияга ташланган атом бомбасини яратишда муҳим роль ўйнаган Роберт Оппенгеймернинг набираси Чарльз Оппенгеймер Токиодаги матбуот анжуманида маълум қилди.
Машҳур физикнинг набираси иқлим ўзгаришига қарши курашда ядро энергиясидан кенгроқ фойдаланиш кераклигини таъкидлади. Оппенгеймер бу даврда атом энергиясига эга давлатлар ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш зарурлигини урғулади.
Унинг фикрича, агар улар мулоқотни кучайтирмаса, АҚШ, Хитой ва Россия ўртасидаги кескинлик дунёдаги энг катта хавфга айланиши мумкин.
“Биз ота-боболаримиздан, жумладан, бобомдан ҳам ўрганишимиз мумкинлигига ишонаман. Уларнинг маслаҳатларини тинглаш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Мен атом энергиясидан яхшилик учун фойдаланишимизга ишонаман”, дейди Оппенгеймер.
Япониянинг жануби-шарқидаги Хиросимага ташрифи чоғида Оппенгеймернинг набираси Хиросима тинчлик ёдгорлик музейи директори Харада Хироши билан учрашди.
Маълумот учун, америкалик физик, "атом бомбаси ихтирочиси" Роберт Оппенгеймернинг набираси, 49 ёшли Чарлз Оппенгеймер АҚШда яшайди. У атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишни қўллаб-қувватловчи “Оппенгеймер лойиҳаси” нодавлат ташкилотининг асосчиси ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Роберт Оппенгеймер ҳаёти ва атом бомбасининг яратилиши ҳақида ҳикоя қилувчи “Оппенгеймер” биографик фильми “Оскар” мукофотини топшириш маросимида 7 йўналиш бўйича “Оскар”ни қўлга киритганди. Оппенгеймер ва бир гуруҳ олимлар томонидан атом бомбасини яратиш жараёни ҳақида ҳикоя қилувчи фильм 2023 йил июль ойида кўплаб мамлакатлар, хусусан АҚШда намойиш этилган бўлса, шу йилнинг март ойи охирида Японияда томошабинларга намойиш этилди. Фильм 2024 йилнинг дастлабки ҳафтасида бўлиб ўтган “Олтин Глобус” тақдирлаш маросимида ҳам мукофот билан тақдирланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь