“Open budget”да мажбурий овоз тўпланган лойиҳалар дастурдан четлатилади
Жамият
−
18 Март
3883Ҳозирда “Ташаббусли бюджет” жараёнининг жорий йилги 1-мавсуми доирасида овоз бериш босқичи давом этмоқда. Эндиликда дастур доирасида мажбурий овоз тўпланган лойиҳалар овоз бериш босқичидан четлатилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Қува туманидаги 37-мактабда мажбурий овоз бериш ҳолатлари юзасидан хабарлар тарқалган. Мазкур ҳолатлар тегишли ваколатли органлар томонидан ўрганилиб, ҳақиқатан ҳам ушбу мактабда ходимлар мажбурий овоз беришга жалб этилгани тасдиқланган.
Шу муносабат билан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан мазкур мактабда мажбурий овоз тўпланган лойиҳаларни овоз бериш босқичидан четлатиш юзасидан тегишли туман Халқ депутатлари кенгашига тақдимнома юборилган.
Маълумот учун, “Ташаббусли бюджет” жараёни доирасида мажбурий овоз беришга жалб этиш – мажбурий меҳнат сифатида таснифланиши белгиланган.
“Агар cиз овоз тўплашга мажбурлаш ҳолатларига дуч келсангиз, зудлик билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 71 200-06-00 ишонч рақамига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чирчиқ шаҳридаги 8-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси ўқувчиларнинг ота-оналаридан “Ташаббусли бюджет” доирасида овоз беришни талаб қилган эди. Ушбу ҳолат бўйича бошланғич синф ўқитувчиси М.Л билан тушунтириш ишлари олиб борилган ва ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган. Мактаб раҳбари эса огоҳлантирилган.
LiveБарчаси
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси қайта тайинланди.
15:49
Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолашга оид қарор лойиҳаси эълон қилинди.
14:35