“Омикрон”. Исроил янги штамм туфайли чегарасини ёпган биринчи давлат бўлди
Олам
−
28 Ноябрь 2021
5816Исроил икки ҳафта давомида чет элликларнинг мамлакатга киришини тақиқлади. Чет элдан қайтган исроилликлар эса карантинга олиниши талаб қилинади. Шу тариқа, Исроил коронавируснинг омикрон штамми туфайли чегараларини бутунлай ёпган биринчи давлат бўлди, дея хабар бермоқда “Reuters”.
Бош вазир Нафтали Беннет хорижликларнинг мамлакатга кириши тақиқланганини эълон қилди. Расмийлар икки ҳафта ичида COVID-19’нинг янги варианти ҳақида қўшимча маълумотлар пайдо бўлишига умид қилмоқда. Тақиқ эртага, 29 ноябрдан кучга киради. Омикрон штамми билан касалланганларнинг ҳаракатлари телефон кузатуви технологияси ёрдамида назорат қилинади.
Исроилда, аллақачон, коронавируснинг омикрон штамми билан касалланишнинг бир ҳолати қайд этилган. Яна етти киши COVID-19’нинг янги штамми билан касалланганликда гумон қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 ноябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг янги штаммига омикрон (юнонча О ҳарфи) номини берди. Мутахассислар вируснинг яна бир тури шусиз ҳам инфекция тарқалишига қарши курашаётган мамлакатларга таҳдид солиши мумкин деган хулосага келди.
Маълумот ўрнида, омикрон штамми билан касалланишнинг биринчи ҳолати Жанубий Африкада аниқланган, ҳозирда касаллик ҳолатлари Европа мамлакатларида қайд этилган. Ўз навбатида, Британия Бош вазири Борис Жонсон коронавируснинг янги варианти эмланган одамлар орасида ҳам тарқалиши мумкинлигини маълум қилди.
LiveБарчаси