Омбудсман Чирчиқ ИИБдан ўлик чиқиши ортидан текширув бошлади
3-саҳифа
−
02 Декабрь 2023
12886Аввалроқ, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар Ички ишлар бошқармаси тергов ҳибсхонасида 22 ёшдаги йигит ўлгани ҳақида хабар берган эдик. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ушбу воқеани ўрганишни бошлади. Бу ҳақда Омбудсманнинг Telegram-каналида хабар берилди.
QALAMPIR.UZ’га оид маълумотларга кўра, йигит жорий йилнинг 20 ноябрь куни ўғрилик жиноятида гумонланиб қамоққа олинган. У 1 декабрь куни соат 02:30 ларда ҳибсхонада ўзини осган ҳолда топилган.
Йигитнинг ўз жонига қасд қилишига нима сабаб бўлгани ҳозирча маълум эмас. Ҳибсхона камерасидаги тасвирларга кўра, йигит ўзини чойшабга осган.
Ўзини осгани айтилган бўлса-да, йигитнинг бурни сингани ва танасида жароҳатлар борлиги аниқланган.
Шундан сўнг йигитнинг ота-онаси ўғлининг жасадини кўмишга рухсат бермаган ва экспертиза ўтказилишини талаб қилмоқда.
Омбудсман ҳолат ҳақида шундай дейди:
“Мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан назоратга олиниб, ишга тааллуқли маълумотлар сўраб олинди. Ишга оид ҳужжатлар ўрганилмоқда.
Маълум бўлишича, ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан терговга кадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва марҳумга суд-экспертизаси тайинланган.
Тўпланган ҳужжатлар ўрганилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун вилоят прокуратурасига юборилади ва юқоридаги ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади.
Омбудсман юқорида қайд этилган хабарлар юзасидан текширув ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилишини назорат қилади”.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти ИИББ Чирчиқ шаҳар Ички ишлар бошқармаси тергов ҳибсхонасида 22 ёшдаги йигит ўлганини тасдиқлаган.
Билдирилишича, 2001 йилда туғилган фуқаро A.Ў. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди (ўғрилик, кўп миқдорда) ва 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан қўзғатилган жиноят ишида айбланган.
Тергов давомида, A.Ў. олдин ҳам ЖКнинг 164-моддаси 2 қисми “а” банди (босқинчилик, қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб) билан судланганлиги инобатга олиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
“Жорий йилнинг 1 декабрь куни соат тунги 02:30 ларда жиноят иши доирасида ҳибсхонада сақланаётган A.Ў. камерадаги ёпинчиқ чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера ойначасининг темир панжарасига боғлаган ҳолда ўз жонига қасд қилган”, дейилади ИИББ хабарида.
Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими бўйин қисми сиртмоқ билан сиқилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия оқибатида юз берган.
LiveБарчаси