Олмаоталик ҳайдовчи ChatGPT ёрдамида судда ғолиб бўлди
Олам
−
18 Март
11099Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида яшовчи 23 ёшли Кенжабек Исмоилов ChatGPT ёрдамида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жаримани бекор қилишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда “Tengrinews.kz” хабар берди.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг декабрь ойида Исмоилов йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун 5800 тенге жарима олган ва бу пулни тўлаган. Бироқ видеоёзувни таҳлил қилгач, у тайинланган жазонинг тўғрилигига шубҳа қила бошлаган.
Милиция устидан берилган шикоят рад этилган, бироқ Исмоилов таслим бўлмаган ва судга даъво аризасини берган. У ўз даъвоси ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун ChatGPT сунъий интеллектидан фойдаланган. Шунингдек, ҳайдовчи сунъий интеллект билан маслаҳатлашиб, қоидабузарликни таҳлил қилган. Бу унга судда ғалаба қозонишига ёрдам берган.
Видеога кўра, Исмоилов йўл чизиғи устидан юриб, йўлни алмаштиргани учун жаримага тортилган. Бироқ ҳайдовчига олдинда ҳаракатланаётган машина бирдан тўхтаб, ҳаракатга тўсқинлик қилган. Фавқулодда вазият юзага келмаслиги ва бошқа ҳаракат иштирокчилари учун йўлни тўсиб қўймаслик мақсадида Исмоилов чизиққа чиқиб, айланма йўлни босиб ўтган.
Суд Исмоилов фойдасига қарор чиқарган ва жаримани бекор қилган.
“Товон пулини олиш учун фуқаролик судига мурожаат қилмоқчиман. Мен судга ариза беришдан асосий мақсадим пул олиш эмас, балки ўз ҳуқуқларимни ҳимоя қилишдир”, дейди ҳайдовчи.
Маълумот учун, Қозоғистонда 2025 йилнинг дастлабки икки ойида Қозоғистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 599-моддасига кўра, светофорнинг қизил чироғидан ўтиш бўйича 106 мингта қоидабузарлик қайд этилган. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб олти баробар кўпдир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳридаги Trump International меҳмонхонаси ёнида портлаган Cybertruck автомобили ҳайдовчиси тайёргарлик жараёнида ChatGTP чатботидан фойдалангани ҳақида хабар берилган эди.
Бунёд Келдибоев
LiveБарчаси