Олмаотада Озарбайжон ва Арманистон музокаралари бўлиб ўтди (видео)
Олам
−
11 Май
3554Озарбайжон ва Арманистон Ташқи ишлар вазирлари Жайҳун Байрамов ва Арарат Мирзоян кеча, 10 май куни икки томонлама музокаралар ўтказиш учун Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Дўстлик уйига борди. Бу ҳақда учала давлатнинг ТИВлари хабар берди.
“Меҳмонларни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Мурат Нуртлеу кутиб олди. Кейин вазирлар кутиб олиш маросими учун Давра залига йўл олишди. Айнан шу залда 1991 йилда МДҲ давлатларининг мустақил ривожланиши асосларини мустаҳкамлаган ва давлатлараро чегараларни белгилаш тамойилларини тасдиқлаган Олмаота декларацияси имзоланган”, дейилади Қозоғистон ТИВ хабарида.
Нуртлеу Озарбайжон ва Арманистон Қозоғистон учун нафақат яқин давлатлар, балки муҳим стратегик ҳамкорлар эканини таъкидлади, томонларга самарали иш ва мулоқот тилади.
Кутиб олиш маросимидан сўнг Озарбайжон ва Арманистон делегациялари икки томонлама форматдаги музокараларни бошлаш учун қўшни залга ўтди.
Озарбайжон ва Арманистон ТИВларининг баёнотларига кўра, вазирлар делимитация бўйича эришилган ютуқлар ва келишувларни олқишлаган. Вазирлар ва уларнинг делегациялари Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик ва давлатлараро муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги икки томонлама битим лойиҳаси қоидаларини муҳокама қилишда давом этган. Томонлар келишмовчиликлар мавжуд бўлган очиқ масалалар бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олган.
Вазирлар Қозоғистон томонига Арманистон ва Озарбайжон ўртасида музокаралар олиб боргани учун миннатдорлик билдирди.