Олмаотада 10 йилдан ортиқ ҳужжатсиз яшаган ўзбекистонлик ортга қайтарилди (видео)

Жамият

image

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўзбекистонлик фуқаро 10 йилдан ортиқ вақт давомида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз яшаб келгани маълум бўлди. Бу ҳақда шаҳар полиция бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 25 февраль куни шаҳар ҳудудида ўтказилган профилактик рейд тадбирлари давомида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз юрган эркак аниқланган. У вақтинча ҳисбга олинган ва шахсига аниқлик киритиш ишлари бошланган.

Полиция маълумотига кўра, эркак ўзини 50 ёшли Ўзбекистон фуқароси сифатида таништирган. Унинг айтишича, 2015 йилда Олмаота вилоятидаги бозорлардан бирида шахсий буюмлари билан бирга паспорти ва бошқа ҳужжатларини йўқотиб қўйган. Шундан сўнг, у оғир вазиятга тушиб қолган ва ҳужжатларини тиклаш имконига эга бўлмаган. Натижада узоқ йиллар давомида норасмий ишларда ишлаб келган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олмаота полицияси ва Ўзбекистон Республикасининг консуллик хизмати билан ҳамкорликда иш олиб борилган. Дипломатик ваколатхона томонидан эркакка ватанга қайтиш учун вақтинчалик ҳужжат – қайтиш гувоҳномаси расмийлаштириб берилган.

Зарур процедуралар якунлангач, фуқаро Ўзбекистонга жўнатилган. Энди у барча ҳужжатларини тиклаш ва нормал ҳаёт тарзига қайтиш имкониятига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Волгоград вилоятида ўтказилган рейд давомида 34 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакат ҳудудида ноқонуний яшагани аниқланганди. Улар куч ишлатар тизим ходимлари томонидан ўрдакча юришга мажбурланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Олмаота Полиция ўзбекистонлик фуқаро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг