Олий суд писка билан қўлини кесган Муродбой иши бўйича маълумот берди

Жамият

image
Қўлларидаги лезвия билан кесган – қўли қон Муродбой бўйича изоҳ берилди (видео) north_east

Қўлларидаги лезвия билан кесган – қўли қон Муродбой бўйича изоҳ берилди (видео)

Ижтимоий тармоқларда жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар судида судланувчиларнинг қўлидан қон оқаётгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан Олий суд матбуот хизмати расмий маълумот берди.

Унга кўра, дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а”, “в” бандлари билан айбланувчи М. Юнусалиев раҳбарлигидаги уюшган гуруҳ аъзолари Ғ. Муроджонов, Э. Шарипов, С. Юлчиев, А. Қудратов, М. Далиев, А. Расулов, Д. Раимбеков, Д. Базарбаев, С. Қурбонов, С. Пўлатов, Э. Абдисаламов, Э. Усмонов 2016 йил 1 январдан 2016 йил 16 июнгача давом этган жиноий фаолиятлари мобайнида фуқаролардан нақд пул, автомашина ва кўчмас мулкларни қабул қилиб, уларнинг пул маблағлари ва кўчмас мулкларини 10-12 ой ичида 2 - 2,5 баробар миқдорида кўпайтириб беришни ваъда қилишган. Шу йўл билан фуқароларни қизиқтириб, жами 682 та ҳолатда 516 нафар жабрланувчининг 2,3 млн АҚШ доллари ва 1,4 млрд сўм миқдоридаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишда айбланганлар.

Мазкур жиноят иши айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар судига 2021 йил 22 февраль куни келиб тушиб, уни суд мажлисида кўриш 2021 йил 11 март кунига тайинланган.

Раислик қилувчи судья Ф. Ишонхўжаев томонидан жорий йилнинг 11 март кунидан бугунги кунга қадар ўтказилган суд мажлисларида жиноят иши бўйича 430 нафардан ортиқ жабрланувчи, 7 нафар гувоҳ ва 8 нафар судланувчи сўроқ қилинган. Эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланаётган судланувчилар М. Юнусалиев, Ғ. Муроджонов, С. Юлчиев, А. Қудратов ва Э. Шарипов кўрсатма беришдан бош тортган.

Мураккаб ва кўп эпизодли бўлган мазкур жиноят ишини судда муҳокама қилиш муддати 2021 йил 10 май куни Тошкент вилояти суди раиси томонидан Жиноят-процессуал кодекси 405-моддасининг 4-қисмига асосан тўрт ойга, яъни 2021 йил 12 июлга қадар узайтирилган.

Жорий йилнинг 25 май куни судья Ф. Ишонхўжаевнинг раислигида ўтказилган навбатдаги суд мажлиси жараёнида, тахминан соат 16:00 ларда қамоқда сақланаётган судланувчилар М. Юнусалиев, Ғ. Муроджонов, С. Юлчиев, А. Қудратов ва Э. Шарипов раислик қилувчи томонидан ҳимоячи Д. Асқаровнинг илтимосномаси рад қилинганини важ қилиб, уюшган ҳолатда тартибсизлик содир этган. Судланувчилар М. Юнусалиев, С. Йўлчиев ва А. Қудратов ўзларининг ёнларида бўлган писка (лезвие) бўлаги билан қўлларини тилиб, ўзларини қамоқдан озод қилишни ёки аслида уларга тегишли бўлиб, “Аҳмадбой”нинг иши бўйича мусодара қилинган 6,5 млн. АҚШ долларини қайтаришни ҳамда суд мажлисида Бош вазир ва Бош прокурор иштирок этишини талаб қилишган.

Ҳодиса содир бўлган жойга Тошкент вилояти прокурори, вилоят ИИББ бошлиғи, Янгийўл шаҳар прокурори, ДХХ бўлими, ИИБ бошлиғи ва Миллий гвардия ходимлари етиб келишган.

Судланувчилар билан ҳамкорликда олиб борилган суҳбат ва тушунтириш ишлари натижасида, жисмоний куч ишлатмаган ҳолда уларни тинчлантириш ва 1-сонли тергов ҳибсхонасига этап қилишга эришилган.

“Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда баён қилинган 3 кг олтин ва катта миқдордаги пул маблағлари ҳамда қимматбаҳо автомашиналар муқаддам жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар судининг 2020 йил 27 августдаги ҳукми билан судланган айнан шу судланувчиларга оид жиноят ишида ҳам, айни вақтда кўрилаётган 1-1119-2001/25-сонли жиноят ишида ҳам ашёвий далил тариқасида эътироф этилмаган ва ишга қўшилмаган”, дейилади Олий суд хабарида.

Ушбу ашёлар бошқа жиноят ишига тааллуқли, яъни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг А. Турсунбоев (“Аҳмадбой”) ва бошқаларга оид (жами 19 нафар шахс) 2019 йил 20 майдаги ҳукмига кўра, терговчи Н. Жалиловнинг 2016 йил 16 июндаги “ашёвий далил тариқасида эътироф этиш ҳақида”ги қарорига кўра, 2016 йил 18 июндаги “кўздан кечириш ва қайта санаш” далолатномалари ҳамда 7189, 639-сонли квитанциялар асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Молия-иқтисод бошқармасига топширилган 13 128 177 500 сўм пул, 2016 йил 24 июндаги 7192-сонли квитанция асосида топширилган 12 017 282 АҚШ доллари ва 140 евро, 2017 йил 17 март куни 9/41-сонли квитанция асосида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигига топширилган, умумий вазни 2 837,43 граммни ташкил этувчи 545 871 235 сўмга баҳоланган 16 турдаги 45 дона заргарлик буюмлари жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун уларга пропорционал тарзда тақсимлаб бериш белгиланган.

Мазкур ҳукмга нисбатан келтирилган кассация шикояти жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди кассация инстанциясида кўриб чиқилиб, кассация инстанциясининг 2020 йил 9 январдаги ажримига кўра, ҳукмнинг фуқаровий даъвога оид қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

М. Юнусалиев ва бошқаларга оид жиноят иши юзасидан навбатдаги суд мажлиси 2021 йил 28 май кунига тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Олий суд

Баҳолаганлар

259

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг