Олий суд ким ё нимадан қўрқяпти?

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг собиқ Матбуот котиби, учинчи даражали адлия маслаҳатчиси, филология фанлари номзоди Олимжон Ўсаров Олий судни Президент топшириқлари, жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини бажармаётганини танқид қилиб чиқди. Ўсаровнинг айтишича, бу ҳодиса бир неча ойлардан буён давом этиб келмоқда. 

Жумладан, Олим Ўсаров шундай дейди:

"Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2019 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарорига кўра, интернет жаҳон ахборот тармоғининг “najot.info” ва “hizb-uzbekiston.info” веб-сайтлари ҳамда “Facebook”, “Youtube” ва “Telegram” ахборот ресурслари ва ижтимоий тармоқлардаги жами 40 та номдаги профиль, канал ва саҳифалари экстремистик ва террористик ташкилотлар рўйхатига киритилган эди.

Шунингдек, мазкур ҳал қилув қарорини ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилиш Олий суд ва Адлия вазирлиги зиммасига юклатилган эди.

Ростдан ҳам, Адлия вазирлиги (Руслан Давлетов)га қойил: ҳам давлат номидан эълон қилинган суд қарорининг ижросини таъминлади, ҳам адлия фаолияти очиқ ва шаффофлигини амалда намоён этди – Олий суд қарори вазирлик расмий сайтида эълон қилинди. Ўша куниёқ мамлакатнинг барча ОАВда суд қарори билан тақиқланган “Facebook”, “Youtube” ва “Telegram” ахборот ресурслари ва ижтимоий тармоқлардаги профиль, канал ва саҳифалари рўйхати тезкорлик билан эълон қилинди. 

Олий суд раҳбарияти эса ҳарчанд урунмайлик, қарорни ҳам, рўйхатни ҳам сайтда эълон қилишни қатъиян рад этди, аниқроғи “қўрқди”. Кимдан қўрқди, нимадан қўрқди, очиғи, ҳануз билмайман,  тақиқланган ташкилотларданми ёки... Билганим шуки, ҳанузгача бу қарор Олий суд сайтида эълон қилингани йўқ". 

Ўсаровнинг қайд этишича, Президент бу бошбошдоқликлардан хабардор. 

"Президент ҳаммасини биларкан. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 сентябрь куни эълон қилинган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бунинг яққол далилидир.  Қарорнинг 8-бандида қуйидаги топшириқ берилди: “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Олий суди ўзининг расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали суд томонидан экстремистик ёки террористик деб топилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерлар рўйхатини эълон қилиб, унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминласин”. 

Қарор эълон қилинганига  ойдан ошди. Бироқ ҳанузгача Олий суд раҳбарияти Президентимизнинг ушбу қарори ижросини таъминлашни исташмаяпти. Нега? Буни фақат Олий суд раҳбарияти билади.

Холбуки, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шартидир. Бу жиҳатдан олиб қаралса, Олий суд раҳбарияти томонидан қонуннинг ижроси ҳам бажарилмаяпти", деб ёзади Олимжон Ўсаров. 

Олимжон Ўсаров жорий йилнинг август ойида Олий суддагм лавозимини тарк этганди. У ишдан кетаркан, шундай деган эди: 

"Охирги вақтларда оммавий ахборот воситаларида суд тизимига оид кўплаб танқидий чиқишлар бўлиб турибди ва бу чиқишларга ўз вақтида, холис муносабат билдириш керак. Бироқ бу масалада сусткашликка йўл қўйилиб, аксарият судьялар ва суд ходимлари ОАВнинг суд мажлисларида қатнашишига асоссиз тўсқинлик кўрсатяпти".

Олимжон Ўсаров 1973 йил 9 апрелда Самарқанд вилояти Булунғур туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини (1996), Тошкент Давлат юридик институтининг суд-прокурорлик факультетини (2002) тамомлаган. Филология фанлари номзоди, доцент.


Мақола муаллифи

Теглар

Олий суд

Баҳолаганлар

200

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг