Олимпиаданинг тўртинчи куни ўзбекистонлик спортчилар қандай натижа қайд этди?

Спорт

image

Бугун, 27 июль Токио-2020 Олимпия ўйинларининг тўртинчи кунида беш нафар ўзбекистонлик спортчи баҳсларда иштирок этди.

Дзюдо: Ўзбекистонлик олимпиячиларнинг бугунги иштирокини дзюдочи Фарангиз Ҳожиева бошлаб берди.

-63 кг вазн тоифасида татамига чиққан Ҳожиева дастлабки баҳсни Кабо-Верде вакиласи Сандрин Биллетга қарши ўтказиб, оғриқли усулга тушиб қолди ва медаллар учун курашни анча эрта тарк этди.

Таэквондо: Токио-2020 Олимпия ўйинлари доирасида Ўзбекистон таэквондо терма жамоасининг сўнгги аъзоси +67 кг вазн тоифасида баҳсларда иштирок этган Светлана Осипова ҳам илк босқичдаёқ мағлубиятга учради.

Осипова дастлабки беллашувни қозоғистонлик Жанзел Денизга қарши ўтказди. Муросасиз кечган баҳс 9:9 ҳисобида якунланаётган бир пайтда, сўнгги сонияда ўтказиб юборилган қўл зарбаси ўзбекистонлик таэквондочини мағлуб қилди.

Бокс: Шундан сўнг, бокс бўйича -69 кг вазн тоифасида Токио Олимпиадасида иштирок этаётган Бобоусмон Ботуров Ўзбекистон делегациясининг бугунги кун дастуридаги илк ғалабасини тақдим қилди. Икки карра Осиё чемпиони — Ботуров дастлабки баҳсда доминиканлик Поландо Роханга қарши рингга кўтарилди ва рақибини 4:0 ҳисобида мағлуб этди.

Чорак финалга чиққан жиззахлик Ботуров Европа чемпиони ва Жаҳон чемпионати финалчиси ҳисобланган британиялик Пет Маккормакка қарши жанг олиб боради. 

Дзюдо бўйича -81 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини Олимпия ўйинларида ҳимоя қилаётган Шарофиддин Болтабоев бронза медали учун ўтиш баҳсида грузиялик Тато Григалашвилига қарши татамига чиқди ва мағлубиятга учради. “Вазари” баҳоси беллашув тақдирини ҳал этди, Болтабоев эса мусобақадаги иштирокини якунлади.

Бунга қадар, чорак финалда ўзбекистонлик спортчи Шамил Борчашвилига қарши “олтин очко” учун кечган баҳсда ҳам “вазари” эвазига имкониятни бой берган эди.

Сув спорти: Ўзбекистонлик сузувчи Хуршиджон Турсунов эса, 100 метрга эркин усулда сузишда 50.14 сония натижа билан 4-ўринни эгаллади. Умумий рейтингда эса, 41-поғонани банд этди.

Маълумот ўрнида, бугунги “натижа”лардан сўнг, Ўзбекистон делегацияси медаллар жамғариш бўйича 23-поғонага тушиб кетди. Бунгача улар 21-поғонада бораётганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дзюдо Бокс Токио Олимпиадаси Сузиш Таэквондо Бобоусмон Ботуров Светлана Осипова

Баҳолаганлар

462

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг