Олимлар Ердан ташқаридаги ҳаётнинг энг асосли далилларини топди

Бу қизиқ

image

Буюк Британиянинг Кембриж университети олимлари жамоаси Ердан ташқарида ҳаёт мавжудлигига оид далилларни аниқлади. Бу далиллар K2-18b экзопланетаси атмосферасида мавжуд бўлган органик бирикмаларда мужассам. Ушбу сайёра Арслон юлдуз туркумида жойлашган бўлиб, Ердан 124 ёруғлик йили узоқликда жойлашган. Бу ҳақда университет порталида эълон қилинган мақолада келтирилган.

“Ерда диметилсульфид ва диметилдисулфид асосан денгиз фитопланктони каби тирик микроорганизмлар томонидан ишлаб чиқарилади. Гарчи K2-18b атмосферасида бу молекулаларнинг манбаи номаълум кимёвий жараён бўлиши мумкин бўлса-да, ушбу натижалар ҳаёт бизнинг Қуёш тизимимиздан ташқаридаги сайёраларда ҳам мавжуд бўлиши мумкинлигининг энг асосли далилидир”, дейилади мақолада. 

Тадқиқотда NASA маълумотлари ҳам ишлатилган. 2023 йилда NASA’нинг “Жеймс Уэбб” телескопи K2-18b атмосферасида метан ва карбонат ангидрид мавжудлигини аниқлаган. Бу экзопланета атмосферасида углерод асосидаги молекула биринчи марта аниқланиши бўлган.

“Биз натижаларимизга жуда эҳтиёткорлик билан қарашимиз керак, чунки фақат такрорий синовлар орқали уларга ишонч ҳосил қилишимиз мумкин”, дейди тадқиқот раҳбари, Кембриж университети профессори Никку Мадхусудхан.

Мадхусудханнинг сўзларига кўра, олинган натижалар катта аҳамиятга эга бўлса-да, Ердан ташқари ҳаёт мавжудлиги ҳақида қатъий хулоса қилиш учун яна кўплаб маълумотлар зарур. Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, бу органик бирикмалар тасодифан юзага келган бўлиш эҳтимоли 0,3 фоизни ташкил қилади. Бироқ илмий кашфиёт сифатида эътироф этилиши учун бу кўрсаткич 0,00006 фоиздан паст бўлиши лозим.

K2-18b сайёраси Ерга нисбатан 2,6 баравар катта ва 8,6 баравар оғирроқ бўлиб, мутахассислар у океан билан қопланган бўлиши мумкин, деган тахминда. Сайёранинг ҳарорати Ер шароитига яқин, бироқ у шу қадар тез айланадики, ундаги бир йил атиги 33 кун давом этади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ халқаро олимлар гуруҳи HD 20794 d экзосайёрасининг кашф этилганини ва унинг яшашга яроқли бўлиш эҳтимолини тасдиқлаганди. Ушбу суперер синфига мансуб сайёра Ердан 20 ёруғлик йили узоқликда жойлашган бўлиб, ўз юлдузининг яшаш зонасида ҳаракатланади.


Мақола муаллифи

Теглар

NASA Кембриж университети K2-18b Арслон юлдуз туркуми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг