Олимлар хавотирда: СИ ўзини ўзи ривожлантириши мумкин

Технология

image

Anthropic ҳаммуассиси Жек Кларк ва “The Anthropic Institute” илмий-тадқиқот институти раҳбари Марина Фаваро сунъий интеллект ривожланишини секинлаштириш ёки вақтинча тўхтатиб туришга чақирди. Унинг бу ҳақдаги “СИ ўзини ўзи яратганда” номли мақоласи эълон қилинди.

“Агар ушбу технология ривожланишини самарали равишда секинлаштириш ва шу орқали унинг улкан муаммоларини ҳал қилиш учун ўзимизга кўпроқ вақт бериш имконияти бўлганида эди, бизнингча, бу жуда яхши бўларди. Аммо, агар секинлашиш бозордаги энг бепарво иштирокчиларнинг технологик жиҳатдан етиб олишларига имкон берса, бу ҳамма учун хавфсизлик даражасини пасайтириб юбориши мумкин. Глобал мувофиқлаштириш механизми мавжуд бўлмаса, компаниялар ва ҳукуматлар рақобат ҳамда геосиёсий босим шароитида хавфсизликка оид қийин қарорларни қабул қилишга мажбур бўлишади. Бизнинг фикримизча, ижтимоий тузилмалар ва СИни инсоният манфаатларига мослаштириш соҳасидаги тадқиқотлар технологиялар ривожи билан ҳамқадам бўлиши учун дунёда илғор СИ технологияларини ишлаб чиқишни секинлаштириш ёки вақтинча тўхтатиб туриш имконияти мавжуд бўлиши фойдали бўларди”, дейилади мақолада.

Муаллифларнинг сўзларига кўра, СИ тизимлари аллақачон янги моделларни ишлаб чиқиш жараёнини тезлаштирмоқда ва илгари одамлар бажарган вазифаларни тобора кўпроқ ўз зиммасига олмоқда. Агар ушбу тенденция давом этса, келажакда ўз ворисларини мустақил равишда лойиҳалаштириш ва ўқитишга қодир тизим пайдо бўлиши мумкин. Муаллифлар бундай сценарийни рекурсив ўз-ўзини мукаммаллаштириш деб атаган.

Anthropic компанияси бу ҳолат ҳали содир бўлмаганини ва бу муқаррар эмаслигини қайд этмоқда. Шу билан бирга, уларнинг фикрича, бундай бурилиш нуқтаси давлат ва жамият институтлари бунга тайёр бўлишидан олдинроқ содир бўлиши мумкин. Компаниянинг қайд этишича, 2026 йилнинг май ҳолатига кўра, Anthropic’нинг кодлар базасига тушаётган кодларнинг 80 фоиздан ортиғи Claude томонидан ёзилган.

Claude камроқ тузатишларни талаб қилмоқда, энг очиқ ва мураккаб вазифаларда эса унинг муваффақият кўрсаткичи 2026 йил май ойида 76 фоизга етган ва ярим йил ичида 50 фоизлик пунктга ўсган. Компания Claude коди сифат жиҳатидан инсонники билан деярли тенглашган, бир йил ичида эса ундан яхшироқ бўлиши мумкин деб ҳисобламоқда.

Мақолада айтилишича, Claude аниқ белгилаб берилган тажрибаларни одамлардан кўра яхшироқ ўтказишни аллақачон билади. Масалан, кичикроқ моделни ўқитиш учун кодни оптималлаштириш вазифасида тизим жараённи тахминан 52 баробар тезлаштиришга эришган, ваҳоланки тажрибали тадқиқотчи бир неча соат ичида буни фақат 4 баробар атрофида тезлаштира олган.

Шу билан бирга, СИ моделлари инсон томонидан мақсад аниқ белгилаб берилган вазифаларни жуда яхши бажаради, бироқ янада мавҳум сўровлар билан ишлашга келганда ҳозирча қийналмоқда. Дастурчилар буни ҳозирги СИ ва ўз ворисини тўлиқ мустақил ярата оладиган тизим ўртасидаги энг асосий тўсиқ деб атамоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой расмийлари Пекин томонидан мамлакат учун стратегик жиҳатдан муҳим деб ҳисобланадиган мутахассисларнинг чет элга чиқишини тақиқлаш амалиётини хусусий компанияларга ҳам татбиқ эта бошлагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

сунъий интеллект Anthropic Жек Кларк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг