Хитой СИ бўйича мутахассисларга рухсатсиз хорижга чиқишни тақиқлади

Олам

image

Хитой расмийлари Пекин томонидан мамлакат учун стратегик жиҳатдан муҳим деб ҳисобланадиган мутахассисларнинг чет элга чиқишини тақиқлаш амалиётини хусусий компанияларга ҳам татбиқ эта бошлади. Бошқа мамлакатларга саёҳат қилиш учун олдиндан рухсат олиш талаби остига илғор сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқувчи шахслар, жумладан, Alibaba ва DeepSeek каби компанияларнинг юқори лавозимли ходимлари тушди. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, “Bloomberg” хабар берди.

Бундай амалиёт давлат компаниялари раҳбарлари, асосий тадқиқотчилар, университет ходимлари ҳамда ядровий лойиҳалар билан шуғулланувчи олимлар ўртасида кенг тарқалган. Масалан, давлат компаниялари топ-менежерлар ва Коммунистик партия мулозимларининг хорижга чиқиш паспортларини ўзларида сақлайди. Бироқ хусусий компаниялар учун бундай талаб илгари хос бўлмаган.

Манбаларнинг сўзларига кўра, янги чекловлар остига сунъий интеллект соҳасининг бир қатор етакчи мутахассислари, жумладан, айрим стартап асосчилари, тадқиқотчилар ва компания раҳбарлари тушган. Бундай шахслар рўйхатга уларнинг фақат лавозими ёки иш жойига қараб эмас, балки мамлакат учун стратегик аҳамияти баҳоланиб киритилмоқда.

Аслида эса сунъий интеллект бўйича етакчи мутахассислар айнан хусусий компанияларда – ChatGPT муваффақиятидан кейин шиддат билан пайдо бўла бошлаган технологик гигантлар ва стартапларда фаолият юритади. Ушбу шахсларнинг баъзилари анчадан бери хорижга сафар қилиш режалари ҳақида расмийларга хабар беришга мажбур бўлган эди, гарчи шу пайтгача олдиндан рухсат олиш мажбурий бўлмаган эрса-да. Бундан бир йил олдин “The Wall Street Journal” газетаси Хитой расмийлари сунъий интеллектга нафақат иқтисодий ривожланиш, балки миллий хавфсизликни таъминлашни ҳам ҳисобга олган ҳолда қарай бошлагани ҳақида хабар берган. Шу сабабли, ушбу соҳадаги етакчи тадбиркор ва тадқиқотчиларга АҚШга бормаслик қатъий тавсия этила бошланган.

Пекин сунъий интеллект соҳасидаги экспертлар хорижга чиққанда Хитойнинг ушбу йўналишдаги ютуқлари ҳақидаги махфий маълумотларни ошкор қилиб қўйишидан ёки уларни музокараларда “козир” (устунлик таъминловчи омил) сифатида фойдаланиш учун ҳибсга олишлари мумкинлигидан хавотирда. Худди шундай ҳолат илгари АҚШ Президенти Дональд Трампнинг биринчи президентлик даврида Вашингтоннинг илтимосига кўра Канадада Huawei компаниясининг юқори лавозимли раҳбари ҳибсга олинганида кузатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой сунъий интеллект Пекин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг