Сирдарёда ҳоким ва ўринбосарлар учун 16 та Tracker сотиб олинади

Жамият

image

Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши вилоят ҳокими ўринбосарларига, шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимларига 16 та Tracker автомобилини харид қилиш учун 4 млрд сўм ажратиш бўйича қарор қабул қилди. Айни пайтда мазкур қарор лойиҳаси муҳокама учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари портали – regulation.gov.uz’га жойлаштирилган.

Унга кўра, умумий ҳисобда жами 7,6 млрд сўм қуйидаги мақсадларга йўналтирилиши режалаштирилган:

•    вилоят ҳокимлигига қўшимча бино қуриш билан боғлиқ харажатларга 1 млрд сўм;
•    хусусий шериклик асосида иситиш тизимига ўтаётган ижтимоий соҳа муассасаларини иситиш тизимларини модернизация қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш харажатларига 1,2 млрд сўм;
•    2023 йилда ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия маблағларини ажратиш харажатларига 1 млрд сўм;
•    вилоят ҳокими ўринбосарларига ва туман ва шаҳар ҳокимларига 16 та Tracker автомашинасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларга 4 млрд сўм;
•    Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 августдаги 660-сонли фармойишига асосан харид қилинган жиҳозларни сақлаш бўйича ижрадан юзага келган қарздорликларни қоплаш харажатларига 400 млн сўм ажратилиши назарда тутилган.

Мазкур маблағлар эса Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетининг 2023 йилда шаклланган қўшимча манбалари ҳисобидан ажратилиши кутилмоқда.

“Қарор ижросини таъминлаш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Р.Бобоевга, назорат қилиш Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси У.Сотиболдиев зиммасига юклатилсин”, дейилган қарорда.

Ҳужжатни муҳокама қилиш муддати эса 11 июлдан 26 июлгача этиб белгиланган ва қарор лойиҳасига нисбатан фикр ва таклифлар билдириш имконияти яратилган.

Ҳозирча ҳужжатга ягона фикр билдирилган бўлиб, унда шундай ёзилган:

“Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилма обектларини қуриш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида амалга ошириладиган ишлар учун — ҳоким ва ҳоким ўринбосарларига 16 та треккерми? Ажойиб. Шулар минсин, зора халқнинг турмуш фаровонлиги ошиб кетар.
Айтганча, уларнинг ҳозир фойдаланишдаги машиналарига нима бўлади? Уни нима қилмоқчисизлар?” деган журналист ва блогер Абдуқаҳҳор Қосимов.

Маълумот учун, ҳокимликнинг расмий веб-сайтидаги очиқ маълумотлар порталига жойланган Сирдарё вилоят ҳокимлиги балансидаги хизмат автомашиналари тўғрисидаги ягона ҳужжатга кўра, айни пайтда Сирдарё вилояти ҳокимига 2017 йилда ишлаб чиқарилган Toyota Land Cruiser автомобили ажратилган.
 
Вилоят ҳокимининг 1-ўринбосари учун эса 2019 йилги Malibu 2 аталган. Шунингдек, бошқа етти нафар ўринбосарлар учун ҳам қимматбаҳо Toyota Prado, Captiva, Tracker, UAZ, Lacetti русумидаги автомобиллар бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Сирдарё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг