Океан сувлари бўйича тўртинчи бор рекорд даража қайд этилди
Олам
−
21 Январь 2023
145462022 йилда дунё океанлари кетма-кет тўртинчи бор рекорд даражадаги энг иссиқ ҳароратга кўтарилди. Бу ҳақда иқлимшунос олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотга таянган ҳолда CNN нашри хабар берди.
Олимларнинг фикрича, иссиқ ҳароратдаги океан суви унинг кенгайиши, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва тошқин бўлишига олиб келади. NASA’нинг яқинда ўтказган тадқиқоти шуни кўрсатдики, биргина АҚШ қирғоқларидаги океан сувлари тахминан 25 йил ичида бир метргача кўтарилиши мумкин.
“Дунё бўйлаб океанлар сатҳи йилдан-йилга тез суръатларда кўтарилмоқда. 2050 йилга келиб Форс кўрфази қирғоғининг тахминан 30 сантиметрга кўтарилиши жуда катта кўрсаткич. Бу ҳолат бўронларнинг кўпайишига олиб келади”, дейди тадқиқотчилардан бири Дэйв Холланд.
Шунингдек, олимлар тадқиқот давомида сув зичлиги ҳамда океан шўрлигини ўрганиб чиқди. Тадқиқотчилар шўрланиш даражаси 2022 йилда энг юқори кўрсаткични қайд этганини аниқлаган.
Бундан ташқари, океан сувлари ҳам табақаланиб, турли хил зичликдаги қатламларни келтириб чиқармоқда. Бу эса кислород ишлаб чиқаришни қийинлаштиради. Шунингдек, океан сувининг қатламланиши атмосферадан иссиқликни ютишига олиб келади ва бу глобал исишни янада кучайтиради.
Океан сувларининг бу ҳолатга келиши бир қатор муаммоларга сабаб бўлмоқда. Мисол учун, ўтган йил дунё бўйлаб 1880 йилдан бери кузатилган энг иссиқ йиллар қаторига кирди. Европа ўтган ёзда 500 йил ичидаги энг катта қурғоқчиликни бошдан кечирди. 2023 йилнинг илк кунлари Европанинг 8 та давлати учун энг иссиқ январь кунлари бўлди.
Олимларнинг таъкидлашича, одамлар томонидан экологияга муносабат ўзгармас экан, бундай нохуш рақамлар йилдан-йилга ортиб бораверади.
Нурмуҳаммад Файзуллаев