Оқ уй жосуслик дастурлари АҚШ хавфсизлигига таҳдид солаётганидан хавотирда

Олам

image

Америка маъмурияти тижорий жосуслик дастурлари “демократияга таҳдид солаётганига” ишончи комил ва бу масалани Жанубий Кореяда бўлиб ўтадиган “Демократия саммити”да кўтариш ниятида. Бу ҳақда АҚШ Президентининг демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича махсус ёрдамчиси Келли Раззук хорижлик журналистлар учун ўтказилган брифингда маълум қилди. 

“Саммитдаги АҚШ етакчилигидаги юқори даражадаги тадбирда биз биринчи марта тижорат жосуслик дастурларини суиистеъмол қилиш бўйича учрашув ташкил этишга қарор қилдик”, дейди у. 

Унинг қайд этишича, бу масала АҚШ маъмурияти учун устувор аҳамиятга эга. 

“Саммитда буни таъкидлаб ўтишимиз сабаби шундаки, бу нафақат миллий хавфсизлик ва махфийликка, балки демократияга ҳам таҳдид”, дея қўшимча қилган Раззук.  

Унинг билдиришича, бир қанча ҳукуматлар инсон ҳуқуқларига таҳдид соладиган бундай дастурларни суиистеъмол қилмоқда. 

АҚШ Президенти ёрдамчисининг ўринбосари ва Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши (МХК) разведка дастурлари бўйича координатори Маҳер Битарнинг айтишича, саммитда АҚШнинг бир қанча янги ҳамкор давлатлари тижорат жосуслик дастурлари тарқалишига қарши кураш бўйича келишувга қўшилади.

“Бу жосуслик дастурларини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ умумий муаммонинг халқаро эътироф этилишини ва биргаликда ҳаракат қилиш зарурлигини акс эттиради”, дейди у. 

Расмийлар, шунингдек, Сеулдаги Америка делегациясига АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бошчилик қилишини айтди. Унинг таркибига Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат департаменти ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги вакиллари киради. 

Маълумот учун, 18-20 март кунлари Жанубий Кореяда учинчи “демократия саммити” бўлиб ўтади. Бундай учрашувнинг биринчиси Вашингтон томонидан 2021 йил декабрь ойида видеоконференсия орқали ташкил этилган эди. Америка расмийлари 110 штат ва ҳудуд вакилларини иштирок этишга таклиф қилди. Бироқ Миср, Хитой, Россия, Туркия ва бошқа бир қанча давлатлар рўйхатга киритилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Оқ уй

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг