Оқилов Ҳукумат фармойишидаги фактга қарши чиқди: Ўзбекистонда иккинчи тўлқин бошланмаган
Жамият
−
03 Август 2020
17810Жорий йилнинг 15 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган 329-сонли фармойишда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг иккинчи тўлқини бошлангани айтилган эди. Бироқ, бугун, 3 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган брифингда Коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус штаб аъзоси Ҳабибулло Оқилов Ҳукумат фармойишидаги фактга қарши чиқиб, мамлакатда коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланганини рад этди.
Оқиловга коронавируснинг биринчи тўлқини қачон тугайди деган савол билан мурожаат қилинди. Масъул ушбу саволга қуйидагича жавоб берди:
“Иккинчи тўлқин бошланиши учун биринчиси тугаши керак. Биринчи тўлқин қачон тугайди десак бўлади, қачонки охирги бемор клиникадан чиқиб кетгандан кейин бирорта бемор қолмаганда, биринчи тўлқин тугаган бўлади. Ундан кейин муайян муддат ичида янги бемор аниқланса, шунда иккинчи тўлқин дейилади. Шунинг учун иккинчи тўлқин ҳақида гапиришга бизга жуда эрта”.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар айни вақтда 26 066 нафарни ташкил этмоқда. 16 838 нафари соғайган, 157 нафари вафот этган.