Плаквенил можароси: Ўзбекистон сиёсий ўйинга аралашганми?
Таҳлил
−
04 Август 2020
58648Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият кундан кунга авж олмоқда. Расмий ҳисоб китобларга кўра мамлакатда беморлар 26 550 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 17 262 нафари ёки 65 фоизи соғайган, 161 киши вафот этган.
Плаквенил яна қайтди, қайтарилди
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси томонидан бугунгача янги турдаги коронавирус инфекцияси COVID-19 ни даволаш бўйича 6 та қўлланма ишлаб чиқилди. 3 август куни 6-қўлланма ҳақида мутасаддилар – Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов, Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари Ҳабибулло Оқилов, Анвар Алимов иштирок этиб, маълумот бердилар. Янги қўлланмага ўтган сафар рад этилган Плаквенил ёки Гидроксихлорохин дориси яна киритилган.
Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоларининг фикрича, мамлакатда амалга оширилаётган даволаш жараёнларида Плаквенил ёки Гидроксихлорохин дори воситасининг самараси юқори. Бироқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва коронавирус бўйича тадқиқот олиб бораётган кўплаб олимлар аллақачон ушбу дорининг самарасини рад этмоқда. Биргина мисол: АҚШнинг бош инфекционисти Энтони Фаучи жорий йилнинг 31 июль куни Конгресснинг Вакиллар палатасида коронавирус инқирози бўйича тузилган комиссия олдида ҳисобот бериб, Плаквенил ёки Гидроксихлорохин препаратининг коронавирусни даволашда самарали эканини рад этди.
Ўзбекистонда ҳам ушбу дори юзасидан баҳс ва тортишувлар ортиб бормоқда. Ўтган ой ўрталарида “Defactum laboratories” тиббиёт клиникаси клиник иммунолог-инфекционист, тиббиёт фанлари номзоди Азиза Хўжаева “Миллий” телеканали орқали эфирга узатилган “Тез ёрдам” кўрсатувидаги чиқишида коронавирусга қарши курашишда ушбу дорини қўллаб бўлмаслигини айтганди. Мутахассис Плаквенил ёки Гидроксихлорохинни ножўя таъсирининг хавфи юқори бўлган воситалар қаторига киритди.
Плаквенилни рад этган шифокорга таҳдид қилинди
Ушбу кўрсатувда Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси тиббий стандарт ва протоколларни ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Клара Тоҳировна Ёдгорова ҳам қатнашиб, мазкур дорининг самарасига нисбатан эътироз билдирди. Плаквенил ёки Гидроксихлорохин дори воситасининг коронавирусни даволамаслиги ва баъзи ҳолларда инсон саломатлигига зарар келтиришини айтиб чиққан Ёдгорова, ҳатто, таҳдидларга ҳам учради
“Нотаниш одамлар қўнғироқ қилиб, “эҳтиёт бўлинг опажон”, дейишди", дейди Ёдгорова.
Клара Ёдгорова ЖССТ ҳам ўз қўлланмаларида ушбу доридан коронавирусни даволашда фойдаланмаслик кераклигини баралла айтган ва уларни Ўзбекистондаги протоколлардан ҳам чиқартириб ташлашга эришган.
Бундан аввалроқ, Клара Ёдгорова пандемия бошида коронавирусни даволаш учун аниқ дори воситаси йўқ бўлгани учун хлорохин, гидроксихлорохин, азитрамицин кабиларни қўллаш бошланганини айтганди. Аммо ўрганишлар натижасида олимлар бу дориларнинг нафақат самара бермаслиги, балки беморларда ўлим хавфини ошириши мумкинлигини аниқлашган.
Аслида Ўзбекистонда 13 июль куни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов буйруғи билан тасдиқланиб, чоп этилган 5-қўлланмадан Плаквенил ёки Гидроксихлорохин дориси олиб ташланган. Бироқ, ушбу дори уйда даволанаётган беморларга тарқатиладиган дорилар тўпламига киритилганича қолган.
Ўшанда Ёдгорова Плаквенил ёки Гидроксихлорохинни уйда даволанаётган беморларга бепул тарқатилаётганига ҳам қарши чиқиб, шундай деган эди:
“Ўзбекистондаги барча тиббиёт муассасалари – ССВ тизимидаги шифохоналар ҳам, хусусий шифохоналар ҳам охирги тасдиқланган даволаш қўлланмасига риоя қилган ҳолда иш кўриши шарт. Ўйлайманки, Республика махсус комиссияси янги қўлланмага асосланган ҳолда бепул тарқатиладиган дорилар тўпламини қайта кўриб чиқиб, бу дорини тарқатишни тўхтатади”.
Энг қизиғи, кичик йўл-транспорт ҳодисасидан тортиб, майда ўғирликлар ҳақида маълумот беришга одатланган Ички ишлар вазирлиги ҳам, ҳар нарсага муносабат билдиришга уста бўлган Бош прокуратура ҳам Ёдгоровага таҳдид бўйича сукут сақламоқда.
Плаквенилни ёқлаётганлар ким?
Ушбу тортишувлардан кейин бироз иситмалаб, йўталса дорихонага югуриб, дуч келган дорини кафтлаб ичидиганлар ҳам, коронавирусга чалиниб, шифохонадан тортиб, уйда даволанаётганлар ҳам дори ичишда, айниқса, шифокорлар қўлига тутқазиб кетаётган воситаларни истеъмол қилишда эҳтиёткор бўлиб қолди. Чунки ҳужжат ва мутахассисларнинг гаплари ўзаро мутаносибликни йўқотди.
3 август куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда 6-қўлланмага Плаквенил ёки Гидроксихлорохин дори воситаси яна киритилгани айтилиб, ушбу дорини Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари Ҳабибулло Оқилов, Анвар Алимов, "Дори-Дармон" АК бошқаруви раиси Умида Салихбоева “тиш-тирноғи” билан ҳимоя қилди. Мутахассисларнинг фикрича, кўплаб мамлакатлар воз кечганига ва ЖССТ мазкур дорининг самарасини рад этганига қарамай, ушбу дори Ўзбекистон тажрибасида ўз самарасини кўрсатиб келмоқда.
Ҳабибулло Оқилов протоколлар кучли мутахассислар томонидан тайёрланаётганини айтиб, бу дорини рад қилаётган шифокорларни, ҳатто, танимаслигини урғулади. Унинг фикрича, телеканлларга чиқиб гапираётган шифокорларнинг профессорларга ақл ўргатишга ҳаққи йўқ.
“Вирусология илмий-текшириш институти директори, профессор Эркин Мусабоев, Тиббиёт академияси ректори, профессор Лазиз Тўйчиев, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти ректори Ботир Тожиев, профессор Асомиддин Комилов каби олимлар шу қўлланмани ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ қилмоқда. Сиз айтаётган шифокорлар кимлигини мен умуман билмайман. Улар буларга ақл ўргатиши мумкинми? Шу мантиққа тўғри келадими? Шунинг учун мана шу дорини ичиб тузалганлар билан гаплашиш керак. Дорини ичмасдан оғирлашиб қолганларни кўриш керак. Шундан келиб чиқиб, тўғри хулоса қилиш керак”, дейди Оқилов.
Плаквенил – бу сиёсий масала
Плаквенил ёки Гидроксихлорохин дори воситасидан асосан безгакка қарши фойдаланиб келинган. Кейинроқ, ундан коронавирусга қарши фойдаланиш бошланди. Бироқ, ушбу дори воситасининг юрак хасталигини келтириб чиқариши ва бошқа касалликларга ҳам сабаб бўлиши, коронавирусга чалинган беморларни эрта ўлимга етаклаши маълум қилинди.
Жорий йилнинг 17 июнь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Плаквенил ёки Гидроксихлорохин дори воситасини коронавирусга қарши дорилар рўйхатидан олиб ташлаш бўйича қарор қабул қилди. Шундан сўнг ЖССТ бутун дунёга ушбу дорининг самарасиз экани ҳақида жар солди. Бироқ, Ўзбекистон протоколлардан бир муддат ушбу дорини чиқариб ташладию яна фойдаланишни бошлади. Хўш, пандемия оғир кечаётган, хусусан карантин чекловларига иккинчи бор қайтган Ўзбекистон нима учун ЖССТнинг огоҳлантиришини қабул қилмади?
Оқилов ва Алимовнинг фикрлари тадқиқотларга эмас, кўпроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Бразилия Президенти Жаир Болсонарунинг ушбу дорини ичганига асосланиши кишининг ҳаяжонини орттиради. Наҳотки, улар миф ва асотирларга ишонса? Ё Трамп ва Болсонару бу дориларни қабул қилаётганда, икки профессор уларга сув тутиб турганми? Жумладан Анвар Алимов шундай дейди:
“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Гидроксихлорохинни таъсирини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳини ташкил этди. Аммо охиригача етказмасдан бу текширувлар тўхтатилгани тўғрисида 3 июнь куни маълумот берди. Кейин барча мамлакатларга “Lancet” журналида эълон қилинган мақолани кўриб чиқинглар, деб тавсия берди.
ЖССТда текширувларни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Орадан бир ҳафта ўтиб, “биз бу текширувларни тўхтатяпмиз, натижаси ҳали номаълум, биз бу масалага яна қайтамиз”, деган изоҳ билан текширувларни тўхтатди. Бу сиёсий масала”.
Оқиловга кўра, ЖССТ фақат тавсия бериши мумкин, топшириқ эмас. Уни қабул қилиш ихтиёрий. Ўзбекистоннинг эса коронавирус билан кураш борасида етарли тажрибаси бор ва бошқаларнинг тажрибасини ўрганиш шарт эмас дегани. Тўхтанг, жаноб Оқилов! Бошқаларнинг тажрибасини ўрганиш шарт бўлмаса, нега Трамп ва Болсонаруга қараб фикр юритяпсиз? Нега бир ҳафта аввал туркиялик мутахассисларни Ўзбекистонга таклиф қилдинглар?
“Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти топшириқ берадиган ташкилот эмас, у фақат тавсия бериши мумкин. Уни қабул қилиш ё қилмаслик ҳар бир давлатнинг ўзига боғлиқ. Ўзбекистон март ойидан то бугунгача ўзининг яхши тажрибасига эга бўлди. Шунинг учун биз бошқаларнинг тажрибасига қарамасак ҳам бўлади. Бизнинг тажрибамизга кўра, Плаквенил ёки Гидроксихлорохин ўз самарасини кўрсатяпти. Шунинг учун бугун тасдиқдан ўтган қўлланмада ҳам Плаквенил турибди. Лекин, фақатгина касалликнинг бошланғич даврида – биринчи 3-5 кун давомида берса, у ўз самарасини кўрсатяпти. Кейин клиникада Гидроксихлорохин бераётганимиз йўқ. Бемор билан мулоқотда бўлганларга эса профилактика учун ушбу дорини беряпмиз, у ҳам ҳафтасига иккита таблетка. У ҳам протоколларга киритилган. Бугунги кундаги қўлланмада у бор ва қабул қилиняпти”, дейди Оқилов.
Қани бу тажриба ўзимизникилигининг исботи?
Ҳабибулло Оқиловнинг алоҳида қайд этишича, ушбу қўлланма вақтинча қабул қилинган. Вақт ўтиб маълумотлар ўзгарса, унга ўзгартиришлар киритиб борилади. Ҳа, тўғри. Биз ўзгартириш киритишга устамиз, лекин инсон ҳаёти-чи? Бир гал чиқарган қўлланмаганизда Плаквенил бор, кейингисида йўқ. Орадан уч ҳафта ўтар-ўтмас яна плаквенилни қўшиб қўйибсизлар. Ўзбекистон орттирган тажриба шуми?
Куни кеча ўтказилган брифинглардан бирида Ҳабибулло Оқилов мамлакатда 12 минг бемор айнан шу дори ёрдамида тузалганини айтиб чиққанди:
“Дори воситаси борки, унинг атрофида гап-сўзлар бўлаверади. Лекин Ўзбекистоннинг ўзининг тажрибаси бор. Биз 12 мингга яқин коронавирусга чалинган беморларни айни шу дори воситаси ёрдамида тузатиб юбордик.
Биз тизимли равишда чет эллик ҳамкасабаларимиз билан маслаҳатлашиб,тажриба алмашиниб турибмиз. АҚШ, Бразилия, Ҳиндистон давлатларида даволаш протоколлларида Плаквенил сақланиб турибди. Ўтган ҳафта бир гуруҳ туркиялик олимлар Ўзбекистонга ташриф буюришди. Сўралганда, улар ҳам Туркияда амбулатор шароитида ҳам, стационарда ҳам Плаквенил даволаш стандартларида бор эканини қайд этишди.
Куни кеча Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Сеченов номли тиббиёт университетети профессорлари билан ўтказилган видеоконференцияда ҳам муҳокама қилинган саволларнинг биттаси айнан Плаквенил қўлланишига бағишланган эди. Россиялик олимлар коронавирус касаллигининг дастлаб кунларида қисқа курс билан Плаквенил бериш мақсадга мувофиқ деб айтишди”, деган эди Оқилов.
Мана, сизга Россия, Туркия ва АҚШ мутахассисларининг нодир тавсиялари асосида тўпланган бебаҳо ўзбекона тажриба. Қани бу тажриба ўзимизникилигининг исботи. Ўзимизнинг тажриба ўша телевизорга чиқиб гапираётган шифокорларнинг фикрларини ҳам инобатга олиш дегани эмасми? Ўзбекистон олимлари ўзи дори ва вакцина ярата олмаганига, тадбиркорларимиз сунъий ҳаво мосламаларини ишлаб чиқара олмаганига яраша бир-бирининг фикрини ҳурмат қилиши, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, тадқиқот ўтказиши керак эмасми? Йўқ, бизникилар фикрни шунчаки рад этади, тадқиқот қилиб ҳам кўрмайди.
"Президентидан бошланди мана шу ўйин"
Журналистлардан бири Оқиловга “12 минг бемор Плаквенил дорисида соғайди деган гапни айтдингиз, буни аниқлаш учун яна шунча беморга бу дорини бермай тадқиқот ўтказиб кўрдингизми”, деган савол билан мурожаат қилганда, Оқилов ҳозир тадқиқот ўтказишга на вақти, на эҳтиёжини борлигини айтди:
“Ё нотўғри тушуняпсизлар, ё контексдан оляпсизлар. (!) Мен гапирган кунимда, ўша кунга бориб, Ўзбекистонда 12 минг бемор даволанган дедим. Даволаниб чиқиб кетган. Буларнинг аксарияти Плаквенил билан... Бугунги статистикамизда (3 август соат 16:00 ҳолатига кўра) 16 838 та бемор тузалган бўлса, шуларнинг аксарияти Плаквенил олган. Шу тўғрисида гапиряпман. Мен 12 мингта одамга Плаквенил берилди, қолган 12 мингтаси Плаквенилсиз тузалди деганим йўқ. Ўзбекистонда таъсир қилаётган битта схема бор. Ўша схема бўйича аксарият беморлар даволанган. 16 мингтанинг 14 мингтаси ёки 13 мингтаси, шифохоналарда даволанаётган беморларнинг аксарияти битта схема билан даволаняпти. Мен шу тўғрисида гапирдим.
АҚШ кичкина давлат эмас. Президентидан бошланди мана шу ўйин. (!) Президент касал бўлгани йўқ, у профилактика учун ичди. Бразилиянинг Президент Болсонару ҳам профилактика учун ичди. Биз барча давлатлар билан, шу жумладан АҚШ билан ҳам видеоконференцалоқалар ўтказяпмиз. Унда мана шу савол кўп кўтарилади. АҚШ билан мулоқотда Ўзбекистондан борган шифокорлар билан мен ўзим гаплашдим. Улар ўша ерда COVID клиникасида ишламоқда. Сизларда Плаквенилга муносабат қандай деб сўрадим. Бизда ҳам ҳар хил ёндашувлар бор, лекин COVID клиникасида ишлаётган шифокорларнинг ҳаммаси кечқурун уйига боргач, албатта, плаквенил ичади. Профилактика нуқтайи назаридан! Шунинг учун ҳам бу дори бизнинг протоколларимизга тушган. Биринчи контактда бўлганларга ҳам биз Плаквенил тавсия қиляпмиз, деди.
Бутун дунё бу жараёндан ўтиб кўрди, “Lancet” журналида шундай ёзилибди деб. “Lancet”нинг ўзи мақоласини қайтариб олгандан кейин аксарият давлатлар яна эски схемага қайтди. Мана ҳозир ўзимизнинг тажрибага қайтдик. Плаквенилдан воз кечганимизда, бизда ҳам кўрсаткичлар салбий томонга ўзгарди. Буни биз кўрдик, шунинг учун қайтдик.
Тажрибанинг ўзи исбот эмасми? Ҳозир тадқиқот қилишга бизнинг вақтимиз ҳам, эҳтиёжимиз ҳам йўқ. Лекин 16 300 нафар беморларнинг ҳаммасини касаллик тарихи бор. Касаллик тарихи архивда энг ками 25 йил туради. Улар албатта, ҳали кўп тадқиқотлар қилинади ва ўшанда чиройли хулосалар чиқишига аминман”.
Плаквенил бозорга қандай кириб келди?
2020 йил февраль ойида француз олимлари коронавирусга қарши иккита мавжуд дори препаратлари – Гидроксихлорин ва Азитромициннинг комбинациясидан фойдаланишнинг клиник тажрибасини ўтказиб, ушбу тажрибалар муваффақиятли якунлаганини маълум қилдилар.
Француз олимлари Гидроксихлорохин препаратини алоҳида ва антибиотик таъсирга эга Азитромицин билан бирга COVID-19 ни даволаш учун биринчи марта клиник тажрибадан ўтказишди.
Тадқиқотда коронавируси юқтирган ёки вирус аломатлари бўлганлар иштирок этди. Тадқиқот иштирокчиларининг 16 нафари асосан антибиотиклар қабул қилди. Қолган 14 киши Гидроксихлорохинни ўн кун ичди, бундан ташқари, улардан олтитаси қўшимча равишда Азитромицинни қабул қилди.
Мазкур даволаниш натижасида бешинчи кун Гидроксихлорохин ва Азитромицин комбинациясини қабул қилган беморлар тузалиб кетди (синов CARC-COV-2 ни аниқламади). Шунингдек, тўққизинчи куни назорат гуруҳидаги беморлардан бири даволанди, улар еттинчи кунгача Азитромицинни қабул қилмаган.
Май ойи охирларига келиб ушбу дориларни биринчи бўлиб қўллашни бошлаган Франция ҳам уларни рад этди. Мамлакат Ҳукумати томонидан қабул қилинган қарорда, “Lancet” журналида чоп этилган мақоладан келиб чиққан ҳолда, шифохоналарда коронавирусга чалинган беморларга Гидроксихлорохинни якка тартибда ёки комбинация шаклида беришга тўлиқ тақиқланди. Франция Соғлиқни сақлаш вазирлиги дорининг фойдадан кўра хавф нисбати ҳаддан ташқари кўплигини маълум қилди.
"Бирор препарат самарали экани исботланмаган"
Брифингда Анвар Алимов ушбу комбинацияни ҳимоя қилишда давом этаркан, учта мамлакатдаги ҳолатни мисол тариқасида келтириб, шундай дейди:
“Ҳиндистонда 1,5 миллион, Бразилияда 1,4 миллион, Туркияда 100% беморлар тўла қонли шу комбинация асосида даволаняпти. Туркия даволаниш кўрсаткичлари самарадорлиги ҳам 91 фоизни ташкил этмоқда”.
Ўзбекистонда дори-дармон билан билан боғлиқ масалаларнинг аксарияти “Дори-дармон”АКга бориб тақалади. Компания бошқарув раиси Умида Солихбоеванинг фикрича, Плаквенилдан фойдаланишни давом этттириш керак. Уни ёмонотлиқ қилиш ортида сиёсий масалалар мавжуд.
“Плаквенил ҳақиқатан сиёсишлаштирилган масала. Президент Трамп Оқ уйда туриб, Плаквенил қабул қилиб соғайганини айтганининг эртасига ЖССТ уни синовлардан оляпти. Фақатгина чекламаяпти, синовдан оляпти. Бу жуда муҳим. Кейин “Lancet” журналининг изоҳи ва фактларни қалбакилаштириши кетяпти. Бизга Авиганнинг иккита аналогини 10 доллардан таклиф қилишди. Авиганнинг нархи 5 доллар, япон препарати. МДҲ давлатидаги икки ишлаб чиқарувчи икки баравар қимматга таклиф қилди. Биз оригинал препарат нархини билишимизни айтганимиздан кейин, бир кунда 4,92 долларга арзонлашди. Барибир воз кечдик.
Яхши янгилик, Ўзбекистонда дорини ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади. “Нобель Фарм” август охири, сентябрь бошига Фавирипавир препаратини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Бу Авиганнинг аналоги. Ҳозирча 8 доллардан сотилиши эълон қилинди. Агар давлат хариди бўлса, улар нархни пасайтиради. “Дори-дармон”га Ҳиндистондан Канада сертификатига эга препарат олиб келинади. Унинг битта таблеткаси 69 цент бўлади. Тушунинг, бу янги инфекция, ҳаммаси тадқиқот босқичида. Бирор препарат унга қарши самарали экани исботланмаган.
Бу ерда ўтирган барча шифокорлар билади: Плаквенил фақатгина малерияга қарши эмас, ревматоит артрит беморлари уни йиллаб қабул қилишади.
Биз айтган ягона нарса, ҳар чоракда бориб кўзингизни текширтиринг. Бу ерда гап 5, максимум 7 кунлик муолажа ҳақида кетяпти. Қандай токсик доза? Токсик доза бу 5 грамм. Конвалютада жами 2 грамм. Ҳукумат ҳудудий шифокорлар орқали тарқатишни йўлга қўйди. Агар бирор бемор ўлар даражада рад қилса, ҳеч ким уни Плаквенил ичишга мажбурламайди. Бизнинг Ғарб соғлиқни сақлаш тизимидан ягона устунлигимиз амбулатор ёрдамнинг яқинлиги.
29 июлда “Fox News” икки шифокор Гидроксихлорохин ҳақида дезинформация тарқатган икки техногигантга қарши чиқди. Бу бўйича судга шикоят қилинади. Бу сиёсийлаштирилган масала.
Швейцаригя 27 майда Гидроксихлорохинни протоколдан чиқарганда, уларда касаллик ва ўлим даражаси 4 бараварга ўсди. Улар 13 июнда яна протоколга киритди. Мана брифингдан олдин тезгина рўйхат қилдик, битта вароққа сиғмади. Россия чиқарди дейилди. Келинг 3 кун кутамиз. Чунки қўлланманинг 7-версиясида у киритилган. Инсайдерлар маълумотига кўра, бошланғич давр учун у қолади. Беларусда эса Гидроксихлорохин расмий қўлланмада турибди. Қозоғистон бир марта чиқарди, кейин яна киритди ва яна бекор қилди. Энди нима бўлади кутамиз. Украинада Гидроксихлорохин ҳам, хлорохин ҳам қўлланмада бор. Польша ва Венгрияда ҳам шундай. National institute of health (АҚШ) да фақатгина клиник синовда тавсия қилинади, яъни шифохонада шифокор назорати остида. Малайзия ва Туркияда ҳам бор. Туркияда туризм тиббиёти ривожланган. Грузия собиқ совет давлатларида эталон (намуна) бўляпти. У ерда касаллик йўқ. Уларнинг қўлланмасида эса Гидроксихлорохин бор”, деб дорини ҳимоя қилади “Дори-дармон” раиси.
Аслини олганда эса мазкур дорини ёқлаб чиқаётган Ҳабибулло Оқилов ва Анвар Алимов ушбу дорининг 5-қўлланмадан чиқариб ташланишида бош-қош бўлишган. Боиси улар қўлланмаларни яратиш бўйича гуруҳ аъзоси саналади. Хўш, модомики дори самарали экан, нега у 5-қўлланмадан чиқариб юборилди. Бугун брифингда айтилган оқловлар нега 5-қўлланмани ишлаб чиқишда айтилмади. ЖССТ тавсиясини бажариш мажбурият бўлмаса, олимлар нега Плаквенилни аввалги қўлланмадан чиқариб юборди? Шуми бизнинг ўзимизга хос тажрибамиз?
Сўнгги хулосани бериш фикридан йироқмиз. Боиси, на вирусулог, на инфекционист ва на фармацевт эмасмиз. Дориларнинг таъсири ҳақида бир табиб, бир бемор муросасичалик хабаримиз бор, холос. Бунда Оқилов, Алимов каби олимларга ишонамиз. Аммо уларнинг ўзи кеча айтганини бугун рад этиб турса...
Июнь ойи ўрталарида Ҳабибулло Оқилов “Коронавирус 30*С ва ундан юқори даражада юқтириш фаоллигини тўлиқ йўқотади. Ҳаво намлигининг пасайиши ва тўғридан-тўғри тушувчи қуёш нурлари вирусни нобуд қилади. Ҳаво ҳарорати 70*С ва ундан юқори бўлганда вирус тўлиқ йўқолади”, деган эди. Ҳаво ҳарорати 40 даражагача чиқди, айрим ҳудудларда бундан ошди ҳам. Лекин вирус йўқолгани йўқ. Бу гап ишончсиз экани дунёнинг энг иссиқ мамлакатларида ҳам кўринди. Кун келиб Плаквенил каби дориларга нисбатан айтилаётган бугунги оқловлар ҳам ўз исботини топмай қолишидан қўрқамиз. Унда эса кеч бўлади. Ҳар ҳолда гап минглаб одамлар ҳаёти ҳақида бормоқда.
LiveБарчаси