Оилавий шифокорлар ва ҳамшираларнинг маоши оширилади
Жамият
−
07 Май 12408 3 дақиқа
Ўзбекистонда эндиликда оилавий шифокорлар 1500, ҳамширалар эса 600–800 доллар ойлик оладиган тизим яратилади. Бу ҳақда бугун, 7 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида турган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Эндиликда бирламчи бўғинда тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича янги тизим бўлиши белгиланди. Президент буни Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги битта поликлиника мисолида чуқур таҳлиллар асосида тушунтириб берди.
Иштихондаги “Ўзбекистон” номли поликлиникага 7 та маҳалла бириктирилган. Лекин 6 нафар оилавий шифокор 9 та штатни банд қилиб, юкламани эплай олмаяпти. Бу поликлиникада яна 6 та врач штати бўш.
Кафолатланган пакетга зарурати пухта ўйланмасдан 90 турдаги дори киритилгани боис поликлиникага бунинг ярми ҳам келмаяпти. Поликлиникадаги лаборатория таҳлилини бирорта шифохона тан олмайди.
Энг кўп мурожаат болалар касалликларига тўғри келгани билан, оилавий шифокорларда кўникма етишмагани учун улар педиатр вазифасини тўлиқ бажара олмаяпти. Туғруқ ёшидаги 9 минг аёл учун бор-йўғи 1,5 ставка гинеколог штати берилган.
Аҳолининг 35 фоизи юрак-қон томир, қандли диабет, ошқозон-ичак каби сурункали касалликларга чалинган. Бундай касалликларни эрта аниқлаш, профилактика қилиш ва асоратларини камайтириш бўйича тиббиёт бригадаларининг иши кўринмаяпти. Шу боис, ушбу тизим ўзгариши белгиланди.
Эндиликда тиббиёт бригадаси ҳамда унга бириктирилган аҳоли ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгиловчи икки томонлама шартнома тузилади. Аҳоли оилавий шифокорни эркин танлайди, бу жараёнларга хусусий оилавий шифокорлар ҳам жалб этилади.
Тиббий ёрдамнинг кафолатланган пакети тасдиқланади ва пакет доирасида тиббий хизмат ва дори воситалари тўлиқ бюджетдан қопланади.
Шунингдек, поликлиникада акушер-гинекологлар 2 баробар кўпаяди. Ҳар 3 минг бола учун 1 тадан педиатр штати янгидан қўшилади.
Бундан буён бирламчи бўғинда ярим ёки 0,25 ставка бўлмайди. Барча шифокор ва ҳамширалар фақат тўлиқ ставкада ишлайди.
Умуман, тумандаги маҳалла ва оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар фаолияти мақбуллаштирилиб, 12 мингдан кўп одамга хизмат қиладиган 7 та йирик поликлиника, қолган 27 таси кичик поликлиника сифатида қайтадан ташкил қилинади.
Тумандаги марказий поликлиника эса туман шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлимига айлантирилади. Барча тор соҳа мутахассислари шу ерда ишлайди.
Бу поликлиникаларда оилавий шифокорнинг базавий ойлиги 500 доллар, ҳамшираники 300 доллар эквивалентида бўлади. Оилавий шифокор ва ҳамшира малака сертификати олса, яна шунча устама тўланади.
Агар улар маҳаллада юриб, сурункали касали борларга вақт ажратса, уларни касаллик билан яшаш ва уни бошқаришга ўргатса, онкологик, диабет, инсульт, инфаркт каби касалликларни эрта аниқлаб, оғир асоратларнинг олдини олса, буларнинг ҳисобига тез ёрдам ва стационарга мурожаатни қисқартирса, шифокорга яна 500 доллар, ҳамширага эса қўшимча 300 доллар берилади.
Энди маҳаллада битта бўлса ҳам инфаркт, инсульт, оналар ва болалар эрта ўлими, сурункали касаллик туфайли орттирилган ногиронлик фавқулодда ҳолат деб қабул қилиниши лозимлиги қайд этилди.
Live
Барчаси