Огоҳлантиришлар ортидан АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базалари 13 марта ҳужумга учради
Олам
−
26 Октябрь 2023
7432АҚШ Мудофаа вазирлиги вакилининг маълум қилишича, АҚШ ҳарбий объектлари учувчисиз учоқлар ва ракеталар зарбасига учраган. У Эронга алоқадор гуруҳларни айблади. Бу ҳақда DW нашри хабар берди.
АҚШнинг ИШИД террорчилик гуруҳига қарши курашаётган Сурия ва Ироқдаги ҳарбий базалари сўнгги ҳафта ичида 13 марта ҳужумга учраган. Бу ҳақда 24 октябрь куни Пентагон матбуот котиби генерал Пэт Райдер маълум қилди.
Унга кўра, 17 октябрдан 24 октябргача бўлган даврда америкаликлар Ироқда камида 10 марта, Сурияда эса уч марта ракета ва учувчисиз учоқлар зарбасига учраган.
АҚШ ҳужумлар ортида "Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси" (ИИМК) ва Эрон режимидан кўмак олаётган гуруҳлар турганлигини даъво қилмоқда. Ироқдаги гуруҳ ҳужумларнинг бир қисми учун жавобгарликни ўз зиммасига олган ва тегишли хабарларни ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ироқдаги шиа қуролли гуруҳлари АҚШни Ироқ ва Яқин Шарқдаги бошқа давлатлардан қўшинларини олиб чиқиб кетишга чақирганди.
Талабга кўра, АҚШ қўшинлари минтақадаги давлатларни “зудлик билан тарк этиши керак”. Акс ҳолда уларнинг базаларига ҳужумлар тўхтамайди.