“Оғанглара ишонма!” “Меҳрибон” Россия Ереванни алданиб қолмасликка чақирди 

Олам

image

Москва Ереванни Ғарбнинг ваъдаларига ишониб, алданиб қолмасликка чақирди. Бу ҳақда Россия ТИВ расмий баёнот билан чиқди.

Қайд этилишича, Москва 5 апрель куни Брюсселда ўтказилган "АҚШ-Европа Иттифоқи-Арманистон" форматидаги учрашувни Ғарбнинг Жанубий Кавказни геосиёсий қарама-қаршиликка тортишга қаратилган навбатдаги уриниши, деб баҳолаган. Ҳужжатда келтирилишича, минтақадан ташқи кучларнинг Жанубий Кавказ ишларига масъулиятсиз ва бузғунчи аралашуви барқарорлик, хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ҳудудда янги бўлиниш чизиқлари пайдо бўлишига, шунингдек, кескинликка сабаб бўлади. 

“Ғарб Арманистонни Жанубий Кавказда ўзининг ўта хавфли режаларини амалга ошириш воситасига айлантирмоқчи эканлиги кўриниб турибди. Биз биламизки, Вашингтон ва Брюссел ёлғон ваъдалари билан Арманистоннинг КХШТ ва Евросиё иқтисодий иттифоқи таркибидан чиқишини, Россия ҳарбий базаси ва чегара қўшинларини олиб чиқиб кетишини талаб қилмоқда", дейилади баёнотда. 

Москва Арманистон раҳбариятини Ғарбнинг ҳийлаларига ишониб, мамлакатни нотўғри йўлга бошламасликка чақирган. 

“Ғарб, шунингдек, Арманистон-Озарбайжон ўртасидаги нормаллашувнинг фундаментал асосини – Россия, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарларининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган уч томонлама келишувини йўқ қилмоқчи. Айнан Вашингтон ва Брюссел босими остида расмий Ереван муҳим битимларнинг бажарилишини тўхтатиб қўйди. Ўзаро транспорт блокадасини олиб ташлаш масаласида томонлар ўзаро мақбул ечимларга яқин эди. Москва Озарбайжон ва Арманистон ўртасида узоқ кутилган тинчликка эришиш учун бажонидил ёрдам бераётган эди”, дея таъкидлаган Россия ТИВ. 

Россия "ташқи ўйинчиларни ўзаро келишувларни ҳурмат қилиш"га чақириб, Ереванни яна бир бор огоҳлантирган. 

Маълумот учун, февраль ойида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мамлакат КХШТдаги иштирокини амалда музлатиб қўйганини айтган эди. У КХШТ Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги можарога муносабатини ойдинлаштирмаса, Ереван ташкилотни тарк этишини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 5 апрель куни Ғарбнинг бир қатор расмийлари билан музокаралар олиб боргани ҳақида хабар қилгандик.

 Мадина Отабоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Москва Ереван

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made