Одил Абдураҳмонов Президентнинг спорт бўйича вакили бўлди
Жамият
−
14 Июль 2025 5074 1 дақиқа
Одил Қаландарович Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Абдураҳмонов янги лавозимга тайинланиши муносабати билан Президент Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаментининг раҳбари лавозимидан озод этилган.
Маълумот учун, Одил Абдураҳмонов 1978 йилда туғилган, иқтисодиёт фанлари доктори илмий даражасига эга. У муқаддам Президент девонида бош консультант лавозимида, кейинроқ девоннинг ижро аппарати раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновнинг ўринбосари бўлиб ишлаган.
Кейинроқ у Республика бандлик, меҳнат муҳофазаси ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш илмий маркази раҳбари бўлган. 2018 йил 31 июлда олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
2019 йил апрель ойида Президент Администрациясига қайтиб, Президентнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси (Абдужаббор Абдувоҳидов)га ўринбосар бўлган, 2020 йил июлида Транспорт университети ректори лавозимига ўтказилганди.
2022 йил августида Ўзбекистон Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган, 2023 йил августида Президент администрациясидаги ислоҳотлар доирасида тузилган Ижтимоий ривожланиш департаменти директори сифатида иш бошлаганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гаянэ Олеговна Умерова Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаментининг раҳбари лавозимига тайинланганди.