Одамларимиз биз белгилаган жуда катта вазифаларнинг ижросини кутяпти – Шавкат Мирзиёев
Жамият
−
24 Август 2023
5611Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, давлат раҳбари вилоятнинг сўнгги йилларда изчил ривожланаётгани, бироқ бу салмоқли натижалар ҳудуддаги барча туманларда мутаносиб эмаслигини танқид қилган.
Хусусан, ҳудуд саноатининг қарийб ярми Самарқанд шаҳрига тўғри келиши ва шу йилнинг ўтган етти ойида вилоятда 600 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилгани, бироқ уларнинг 78 фоизи Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Пастдарғом ва Самарқанд туманлари ҳиссасига тўғри келгани қайд этилган. Шунингдек, сўнгги беш йилда электр истеъмоли 1,5 бараварга ошгани, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва сувни тежаш етарли эмаслиги айтилган.
Шу каби таҳлиллардан келиб чиқиб, Президент тадбиркорлик, инвестиция, саноат ва туризм соҳаларидаги имкониятларни кўрсатиб ўтган ҳамда маҳаллаларда тадбиркорлик ва деҳқончиликни қўллаб-қувватлаш, узум ва писта етиштиришни кўпайтириш, серқатнов йўллар бўйида хизмат кўрсатиш соҳасида аҳолини ишли қилиш зарурлигини таъкидлаган.
Давлат раҳбари “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг 15 та тумандаги ҳудуди ва вилоятдаги 106 та саноат зонасини инфратузилма билан таъминлаш учун шу йилнинг ўзида 170 миллиард сўм ажратилгани, аммо уларда 620 гектар ер бўш турганини танқид қилган.
Шу билан бирга, давлат раҳбари мутасаддиларга инфратузилма муаммосини ҳал этиб, ушбу майдонларга тадбиркорларни жалб этиш бўйича топшириқ берган. Оқдарё ва Пастдарғомдаги подстанцияларни янгилаш, йил якунигача Каттақўрғон тумани ва Самарқанд шаҳрида қуввати 250 мегаватт бўлган 2 та қуёш электр станциясини ишга тушириш вазифасини юклаган.
Йиғилиш давомида вилоятда туризм соҳасида 20 мингта доимий иш ўрни яратиш ва экспортни 500 миллион долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилган. Бунинг учун жозибадор дастурларни кўпайтириш, йўлларни ва жамоат транспортини қулай қилиш зарурлиги таъкидланган. Туризм салоҳияти юқори 100 та маҳалла ва қишлоқда “туризм ипотекаси” дастури асосида янги саёҳат манзиллари очиш бўйича кўрсатма берилган.
“Одамларимиз биз белгилаб олган жуда катта вазифаларнинг ижросини кутяпти. Ҳар бир ҳоким ҳудудидаги имкониятдан тўғри фойдаланиб, маҳсулот чиқариб, одамларга иш ўрни яратмаса, буни четдан келиб ҳеч ким қилиб бермайди. Натижадорликни ҳар йили ошириб бориш зарур. Қолган тўрт ой келгуси йилга мустаҳкам замин ясайдиган ойлар бўлиши керак”, деган Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича вилоят ва туманлар ҳокимлари, соҳа мутасаддилари ахборот берган. Шу билан давлат раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь