Одамлар сувсиз яшаяпти, лекин битта сигарет 3,7 литр сув эвазига чиқариляпти – Эмина Эрдўған

Олам

image

Айрим мамлакатларда одамлар бир томчи сувга зор қолаётган бир пайтда дунёнинг бошқа бир бурчагида бир дона сигаретни тайёрлаш учун 3,7 литр сув сарфланяпти. Ер куррасидаги экотизимни тиклаш, сақлаб қолишга бугун ҳаракат қилинмаса, эртага ҳамма ётқазади. Бу ҳақда Туркия Республикасининг Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмина Эрдўған кеча, 30 март куни БМТ Бош Ассамблеясининг “Нол чиқинди” номли махсус сессиясидаги нутқида сўз очди. 

У сўзи аввалида дунёда ресурсларни адолатли тақсимлаш, иқлим ва экологик муаммоларни назорат қилиш тамойилига асосланган тизимга эҳтиёж борлигини таъкидлади. 

Маърузасини 6 февраль куни Туркиянинг 11 вилоятида содир бўлган зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасини ёд этишдан бошлаган Эмина Эрдўған дунёнинг турли бурчакларидан келган барчага кўрсатган ёрдами, қидирув-қутқарув гуруҳлари юборилгани учун шахсан ва турк халқи номидан миннатдорлик билдирди. 

“Биз шундай дунёда яшаяпмизки, чиқиндилар “биз кўрмайдиган ахлат зарарсиз” деган ғоя билан энг кам ривожланган мамлакатларга жўнатилади. Бу чиқиндилар уюми нафақат табиатни ифлослантиради, балки мустамлакачиликнинг янгича кўринишини ҳам келтириб чиқаради. Агар иқлим ўзгариши натижасида юзага келган қурғоқчилик туфайли дунёнинг турли бурчакларида ҳали ҳам минглаб болалар нобуд бўлаётган бўлса, бизда бу тенденцияга “Тўхта” дейишга бир дақиқа ҳам вақтимиз йўқ. Миллионлаб одамлар ичимлик сувига эга бўлмаган дунёда битта сигарет ишлаб чиқариш учун 3,7 литр сувдан фойдаланиш ҳар бир масъулиятли дунё фуқаросини чуқур қайғуга солади. 

Бу вайронагарчиликни тугатиш ва дунёни қутқариш ҳали ҳам инсонларнинг қўлида эканини таъкидлаган Эмина Эрдўған, бу курашда ё ҳамма ютиши, ё ҳамма ютқазишини ифода этди. 

У Туркияда 5 йил аввал бошлаган ва бутун дунёга ёйилган “Нол чиқинди” лойиҳаси билан катта ўзгаришларни бошлай олишларини исботлаганларига эътибор қаратди. Лойиҳа 650 миллион тонна хом ашёни тежаш ва 4 миллион тонна иссиқхона газлари чиқиндиларининг олдини олиш имконини берган. 

“Туркия сифатида биз ҳеч қандай глобал муаммога бефарқ қолмаганмиз, атроф-муҳит муаммоларида ҳам ечимнинг бир қисми бўлиш қатъиятимизни давом эттирамиз”, дейди Туркия биринчи хоними. 

У “Нол чиқинди жамғармаси”ни ташкил этиш устида иш олиб борилаётгани ҳақидаги маълумотни ўртоқлашди. 

Жаҳон банки маълумотларига кўра,  дунёда бир кишига кунига ўртача 0,74 кг чиқинди тўғри келади. Бу қиймат баъзан 0,11 дан 4,54 килограммгача. Агар тенденция ўзгармаса, 2050 йилга бориб дунёда йилига 3,88 миллиард тонна чиқинди чиқарилади. 

2022 йилда дунёда маиший чиқиндиларнинг ўртача 82 фоизи йиғилиб, 55 фоизи қайта ишлашга жўнатилган. 

Шу билан бирга, чиқиндиларнинг 33 фоизи қайта ишланмай қолмоқда, бу эса умумий иссиқхона газлари чиқиндиларининг 2 фоизини ташкил қилади. 

“Нол чиқинди” лойиҳаси чиқиндиларнинг олдини олиш, уларни минималлаштириш ва олдини олиш учун чиқиндилар сабабларини ўрганиш, қадоқлаш ва қайта ишланишини таъминлаш демакдир. Лойиҳадан мақсад қайта ишлаш даражасини 35 фоизга ошириш ва чиқиндиларни утилизация қилиш даражасини 65 фоизга камайтиришдир. 

2017 йилдан бери амалга оширилган “Нол чиқинди” лойиҳаси доирасида Туркияда 20,4 миллион тонна чиқинди қоғоз, 5,4 миллион тонна пластмасса, 2,3 миллион тонна шиша ва ярим миллион тонна металл йиғилди. Буларнинг ҳаммаси қайта ишлашга юборилди, бу эса иқтисодиётга 62,2 миллиард лира даромад келтирди. 

Шунингдек, Туркияда фуқароларнинг нол чиқинди ҳақида хабардорлигини ошириш учун тадқиқотлар олиб борилмоқда. Лойиҳа бошланганидан буён 19 миллионга яқин одам чиқиндисиз дастур ҳақида маълумотга эга бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Нол чиқинди Эмиина Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг