Обама ва рафиқаси сайловда Ҳаррисни қўллашини маълум қилди (видео)

Олам

image

Оқ уйнинг собиқ раҳбари, АҚШнинг 44-президенти Барак Обама рафиқаси Мишель Обама билан биргаликда жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган мамлакат президентлиги учун сайловларда демократ, вице-президент Камола Ҳаррис номзодини қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Бу ҳақда “Sky News” хабар берди.

Собиқ президент ҳамда Мишель Обама ушбу хабарни етказиш учун Ҳаррисга қўнғироқ қилган. Телефондаги суҳбат акс этган видео вице-президент Ҳарриснинг сайлов кампанияси томонидан эълон қилинди.
 

“Мен ва Мишель сени қўллашдан фахрланамиз. Сен сайловдан ўтиб Овал кабинетга боришинг учун қўлимиздан келганини қиламиз”, деган Барак Обама.

Обаманинг рафиқаси эса Ҳаррис билан фахрланишини билдириб, бу вақтлар жуда катта тарихий воқеа бўлишини айтган.

“Овозларингизни эшитганимдан хурсандман. Даг ва мен буни роса кутгандим. Сизлар айтган гаплар ҳамда дўстлик қўллови мени жуда руҳлантирди. Буни таърифлай олмайман. Катта раҳмат”, дея жавоб қайтарган Камола Ҳаррис.

Қайд этиш жоизки, олдинроқ демократлар орасида Обаманинг рафиқаси Мишель Обама ҳам потенциал президентликка номзод сифатида кўрилаётганди. Обама эса 2009-2017 йиллардаги президентлик даврида вице-президенти бўлган Жо Байденни иккинчи муддатга номзодини қўйишига қарши чиққан.

“Sky News”нинг ёзишича, Оқ уйнинг амалдаги раҳбари – Жо Байденнинг ўз ўрнига Ҳаррисни номзод сифатида кўрсатишини мамлакатнинг 42-президенти Билл Клинтон ҳамда унинг рафиқаси, 2016 йилги президентлик сайловларида ўз номзодини қўйган Хиллари Клинтон, шунингдек, Вакиллар палатаси собиқ спикери Ненси Пелоси ҳам олқишлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ собиқ президенти Барак Обама тез орада вице-президент Камола Ҳаррисни Демократик партиядан 2024 йилги президентликка номзод сифатида маъқулламоқчилиги хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Барак Обама Камола Ҳаррис Мишель Обама

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг