ОАВ: Трамп адвокат қидирмоқда

Олам 4339
image

АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трамп сиёсий маслаҳатчиларидан унинг импичментини қўллаб-қувватлаган 10 нафар республикачи конгрессменлар ҳақида маълумот беришларини талаб қилди. Бу ҳақда "The Wall Street Journal" манбаларига асосланиб хабар берган. 

Қайд этилишича, давлат раҳбари ўзининг собиқ тарафдорлари демократлар томонига ўтиб кетишидан қўрқмоқда ва уларга қачондир нимадир қилган ёки қилмаганини билмоқчи бўлган.

Шунингдек, Трамп сўнгги кунларда республикачи конгрессменлар билан боғланиб, импичмент доирасида ўзини ҳимоя қилиш учун қайси адвокатларни ёллаш кераклиги ҳақида маслаҳатлашган. 

Маълумотларга кўра, Трампнинг маслаҳатчилари уни шахсий адвокати Руди Жулиани билан боғланмасликка чақирган.

6 январь куни АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трампнинг тарафдорлари АҚШ Конгресси биносига бостириб кириб, парламент сўнгги сайловлар натижаларини тасдиқлаши керак бўлган мажлисни тўхтатган. Ҳодиса натижасида беш киши ҳалок бўлган. 

Вашингтондаги тартибсизликлар ортидан Вакиллар Палатаси Суд-ҳуқуқ қўмитаси раҳбари Жерри Надлер Трампга соддалаштирилган тартибда импичмент эълон қилишни таклиф қилган.

АҚШ Сенати сайланган Президент Жо Байденнинг 20 январь куни ўтказиладиган инаугурациясидан бир соат ўтгач, Трампга қарши импичмент айбловларини кўриб чиқишни бошлаши мумкин. 

Трамп вакиллар палатаси икки марта импичмент эълон қилган АҚШ тарихидаги биринчи Президент бўлди. Амалдаги Президентга 2019 йил декабрида биринчи марта импичмент эълон қилинганди. Ўшанда конгрессменлар Трампни ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва конгресс ўтказган терговга тўсқинлик қилишда айблашган. Бироқ Сенат Трампни оқлаганди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 150
Рейтинг: 3
t
×