NYT: Эрон физик олими Фахризодани ўлдириш режасини Оқ уй тасдиқлаган

Олам 10265
image

Эрон ядро дастурининг “отаси”, деб аталган физик олим Муҳсин Фахризода Исроилнинг “Моссад” хавфсизлик хизмати агентлари томонидан, махсус яратилган робот қотил ёрдамида ўлдирилган. Бу ҳақда “The New York Times” операция тафсилотларидан хабардор бўлган манбаларига таяниб, ёзмоқда.

Қайд этилишича, 2007 йилдан буён “Моссад” Фахризода билан ядровий жанговар каллакларни яратиш дастури устида ишлаган олти нафар эронлик ядрочи олимни ўлдирган. Фахризоданинг ўзини агентлар 2009 йилда йўқ қилишга уринган, аммо разведка операция бадном қилинганидан гумонсираб, уни сўнгги лаҳзада бекор қилган.

Нашрнинг ёзишича, Исроил Ташқи разведка хизмати (Моссад)нинг ўша пайтдаги бошлиғи Йоси Коэн 2019 йил охири ва 2020 йил бошида Америка раҳбариятига махсус хизматлар томонидан Эрон ядровий дастури ривожланишига тўсқинлик қилиш мақсадида тайёрланган операциялар рўйхатини тақдим этган. Хусусан, рўйхатда Фахризодага суиқасд қилиш режаси ҳам ўрин олганди. 2020 йил февраль ойининг охирида, ўша пайтда Дональд Трамп бошчилигидаги Америка маъмурияти вакиллари ядровий физикни ўлдириш режасини маъқуллаган.

Махсус хизматлар Бельгияда ишлаб чиқарилган FN MAG пулемётини танлаган. Ушбу қурол Эрон ҳудудига қисмларга ажратилган ҳолатда келтирилган. Пулемёт мамлакат ҳудудига олиб кирилгач, қайта йиғилган ва пикап автомобилига ўрнатилган. 

Нашрнинг ёзишича, ўқ отиш тезлиги дақиқасига 600 тага яқин бўлган ушбу автомат роботли қурилма ва камералар билан жиҳозланган. Бу эса мерганга масофадан ўқ узиш имконини берган. Бундан ташқари, пулемёт ўрнатилган пикап автомобили операциядан сўнг, далиллар йўқ бўлиб кетиши учун миналаштирилган. 

Операция куни суиқасд жойига киравериш камералар билан жиҳозланган. Исроил махсус хизматлари шу орқали Фахризоданинг ўзи автомобиль бошқарувида ўтирганига аниқлик киритмоқчи бўлган. Операция тахминан бир дақиқа давом этган. Робот-автоматдан 15 марта ўқ узилган. Бироқ, далилларни йўқ қилиб юбориши кераки бўлган портлаш ўз натижасини бермаган – пулемётга жиддий зарар етиб, ён томонга учиб кетган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 27 ноябрь куни Эрон ядро дастури муаллифларидан бири бўлган физик олим Муҳсин Фахризода мамлакат пойтахти яқинидаги Абсард аҳоли пунктида қуролли ҳужуми қурбони бўлди. Шундан сўнг, мамлакатда Эрон ядро дастурининг “отаси“ ўлими муносабати билан 40 кунлик мотам эълон қилинди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 439
Рейтинг: 2.9
t
×