Нукусдаги оммавий тартибсизликлар иштирокчилари Президентдан кечирим сўради

Жамият

image

Кеча, 7 январь куни Бухоро вилоят суди биносида Нукусдаги оммавий тартибсизликлар бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

Суд мажлисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Ўринбаевнинг кўрсатмалари эшитилган. Судланувчилар қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймон эканликларини билдирган. Шунингдек, улар кечирим сўраган ҳамда Президентга етказишни илтимос қилган.

“Аманбай Ўринбаев судланувчилар ким бўлишидан қатъий назар Ўзбекистон фуқаролари, Қорақалпоғистон азаматлари эканини, уларнинг илтимосларини албатта етказишини маълум қилиб, суд ҳайъатидан судланувчиларга қонун доирасида енгиллик беришни сўради”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 ноябрь куни 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликларга доир жиноят иши юзасидан Бухоро вилоят судида суд жараёни бошланди. 

Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Д. Тажимуратов, Л. Қаллиханова, А. Турданов, А. Сметуллаев, Д. Жиемуратов, Б. Қадирбергенов, Б. Сейтниязов, А. Тоқимбетов, Қ. Сейтимов, А. Нуратдинов, С. Медетов, Н. Найипов, П. Шамшетов, Р. Бекмуратов, С. Каипов, Б. Генжебаев, С. Қалилаев, П. Нурниязов, С. Калимов, Н. Султамуратов, А. Темирханов ва А. Адилбеков Жиноят кодексининг 28,104, 104, 159, 164, 167, 227, 243, 244, 244-1, 247 ва 277-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган.

20 нафар судланувчига нисбатан "қамоққа олиш", 1 нафарига "уй қамоғи" ва 1 нафарига "жамоа кафиллиги" тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг