Нукус воқеалари бўйича яна 28 нафар судланувчига якуний ажрим эълон қилинди
Жамият
−
12 Июнь 2023
6838Бугун, 12 июнь куни Олий судда Нукус воқеалари бўйича 28 нафар судланувчининг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш якунланиб, судланувчиларнинг 21 нафарига нисбатан белгиланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.
Келтирилишича, 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликларга оид жиноят иши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси судининг 2023 йил 17 мартдаги ҳукми устидан 28 нафар судланувчи ва уларнинг ҳимоячилари томонидан берилган апелляция шикоятларига асосан мазкур жиноят ишининг ушбу шахсларга оид қисмини апелляция тартибида кўриб чиқиш тугалланган. Шундан сўнг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими эълон қилинди.
Мазкур жиноят иши Олий суд судьяси А. Абдукаримов раислигида ҳамда судьялар У. Рўзиев ва Д. Тожибоевдан иборат суд таркибида кўриб чиқилган.
Олий суднинг 2023 йил 12 июндаги ажримига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси судининг ҳукми қуйидагича ўзгартирилди:
И. Пўлатов, П. Есенгельдиев, И. Айтмуротов, И. Сапаров, Р. Жумабоев ва уларнинг ҳимоячилари томонидан берилган шикоятлар тўлиқ қаноатлантирилди.
Бунга кўра, И. Пўлатовга тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
П. Есенгельдиев ва И. Айтмуротовга тайинланган 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
И. Сапаров ва Р. Жумабоевга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилди.
Уларнинг эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақланган ҳар бир куни Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан озодликни чеклаш жазосининг бир кунига тенглаштирилиб, тайинланган жазодан чегирилиб, барчаси суд залида қамоқдан озод қилинди.
Шунингдек, Д. Нодирбоев, А. Есемуротов, З. Пиржонов, Р. Досимбетов, Қ. Бахиев, Н. Бауетдинов, Р. Баимбетов, З. Тожимуротов, К. Ешжанов, А. Алланазаров, Н. Байлепесов, А. Жумабеков, А. Умрзоқов, А. Сариев, К. Бекпўлатов, Н. Дуйсенбаев ва уларнинг ҳимоячиларининг шикоятлари қисман қаноатлантирилди.
Д. Нодирбоев ва А. Есемуратовга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил;
З. Пиржонов, Қ. Бахиев ва Р. Баимбэтовга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 6 йил;
Р. Досимбетов ва А. Алланазаровга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 6 йил;
Н. Бауетдиновга тайинланган 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил 6 ой;
З. Тожимуротов ва А. Умрзоқовга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 7 йил;
К. Ешжанов, Н. Байлепесов ва А. Жумабековга тайинланган 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил;
А. Сариев ва К. Бекполатовга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 6 йил;
Н. Дуйсенбаевга тайинланган 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ўзгартирилди.
Биринчи инстанция суди ҳукмининг К. Бегалиев, Н. Хабибов, Д. Романов, Ш. Аширбеков, О. Қурбонов, М. Раҳмонов, О. Дўстназаров ва уларнинг ҳимоячиларининг шикоятлари қаноатлантирилмасдан, суд ҳукмининг уларга оид қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Бундан ташқари, суд Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 47 ва 65-моддалари талабларини тўғридан-тўғри қўллаган ҳолда жиноят иши бўйича келтирилган зарарларни қоплаш мақсадида хатланган Д. Нодирбоев, Қ. Бахиев, Н. Бауетдинов, А. Жумабеков, П. Есенгельдиев, Р. Досимбетов, О. Дўстназаров, Р. Жумабоев, З. Тожимуротовга тегишли мол-мулклар Жиноят-процессуал кодексининг 290-моддаси тартибида хатловдан чиқарилиб, эгаларига қайтарилиши белгиланди.
Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 5 июнь куни Олий судда Нукусда содир этилган оммавий тартибсизликларга оид жиноят иши бўйича апелляция суди кўриб чиқилганди. Унда 31 январда чиқарилган ҳукм устидан 16 нафар судланувчи ва уларнинг ҳимоячилари томонидан берилган шикоятлар ҳамда прокуратура томонидан ҳукмнинг 4 нафар судланувчига оид қисмига нисбатан келтирилган протест асосида кўрилган эди.