Нукус аэропорти фаолиятига чеклов ўрнатилди, рейслар бекор қилинди

Жамият 5779
image

Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат жорий этилиши ва Президент фармони ижросини таминлаш мақсадида “Нукус” аэропорти фаолияти комендантлик соатларида вақтинчалик соат 21:00 дан 07:00 гача чекланади. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” АЖ маълум қилди.

Қайд этилишича, комендантлик соати талабларидан келиб чиққан ҳолда, кеча, 3 июль куни “Uzbekistan Airways” АЖнинг Тошкент –   Нукус – Тошкент йўналиши бўйича HY017/HY018 рейслари бекор қилинган.  

4 июль куни бекор қилинган рейсларнинг барча йўловчилари Тошкент –  Нукус – Тошкент йўналиши бўйича HY011/HY012 рейслари орқали етказилади. 

Таъкидланишича, авиакомпания йўловчиларни рейслар кечиктирилиши ҳақида хабардор қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, кеча, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 57
Рейтинг: 3
t
×