“Новза” метро бекатида поездлар тўқнашиб кетгани ростми?
Жамият
−
19 Октябрь 2023
35126Ижтимоий тармоқларда Тошкент метросининг Чилонзор йўналиши “Новза” бекатида поездлар тўқнашиб кетгани ҳақидаги видеолар тарқалди. "Тошкент метрополитени" давлат унитар корхонаси бундай хабарларни рад этди.
“Тошкент метрополитенида бугунги кунда ҳеч қандай поездлар ўртасида тўқнашув ҳамда носозлик ҳолатлари кузатилгани йўқ”, дейилади ДУКнинг расмий хабарида .
Шунингдек, "Тошкент метрополитени" ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бу каби тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни сўраган ҳамда бунга қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик мавжудлигини эслатган.
Бироқ метрополитен маъмурияти видеода тасвирланган ҳолат қачон содир бўлганига аниқлик киритмаган.
Эслатиб ўтамиз, шу ой ичида Тошкент метросидаги поездларда икки марта техник носозлик кузатилганди. Биринчисида Чилонзор йўналишининг "Чинор" бекатидан ҳаракатланиши лозим бўлган 14-сонли ҳаракат таркибининг тормоз тизимида техник носозлик ҳолати кузатилгани оқибатида у белгиланган вақтда ҳаракатлана олмаган бўлса, иккинчисида Чилонзор йўналишининг “Миллий боғ”-“Новза” перегони эстакасида ҳаракатланаётган 29-сонли ҳаракат таркибида йўловчилар оқими кўп бўлгани боис, техник носозлик ҳолати кузатилган ва поезд 12 дақиқа давомида ҳаракатлана олмаганди.