Норбоева дарахт кесганлик учун жазони кескин кучайтириш кераклигини айтди

Жамият 1839
image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 31 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига доир масалалар юзасидан ахбороти эшитилди.

Ялпи мажлисда Сенат раиси Танзила Норбоева ҳудудларда тежамкор суғориш технологияларига яхши эътибор берилмаётганига тўхталди.

“Ҳудудларда экология ходимлари фаол ишлаши керак. Жойлардаги дарахтларнинг чанг босиб ётиши туфайли, етарли эътибор берилмаётганидан қуриб қолиши табиий. Айниқса, томчилатиб суғориш бўйича аниқ иш олиб бориш мақсадга мувофиқ. Умуман олганда, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бу борада бошқа давлатларнинг тажрибасини ўрганиши лозим. Боиси, сув танқислиги фақат Ўзбекистонда эмас-ку. Қандай қилиб бошқа давлатлар мавжуд имкониятлардан фойдаланяпти? Лекин уларда ҳамма жой кўм-кўк. Улар дарахтларга шикаст етказилса, фожиадек қабул қилишади. Бизда эса бу оддийгина ҳолатдек бўлиб кетяпти. Одамлар жарима тўлаб, яна дарахт кесиш давом эттиряпти. Шунинг учун Қўмитанинг мазкур йўналишдаги янги таклифлари давлат томонидан қўллаб-қувватланяпти. Бу ишларни узоққа чўзиш керак эмас. Чунки бир дарахтни экиб, катта қилгунча битта авлод улғаяди. У ўзидан қачон кислород чиқариб, атрофга соя-салқинлик берганига қадар кўп вақт ўтади”, дейди Норбоева.

Сенат раиси дарахтлар аёвсиз кесилиши давом этаётганига тўхталиб, бунинг учун жавобгарликни кескин кучайтириш, жазо муқаррарлигини таъминлаш кераклигини урғулади.

“Шу боис, мутасадди вазирлик-идоралар, ҳудудий тузилмалардан мазкур масалаларда жавобгарликни кескин кучайтириш, жазо муқаррарлигини таъминлаш талаб этилади. Шунингдек, дарахтлар муҳофазаси борасида ҳамма учун тушунарли ва очиқ бўлган яхлит тизим яратиш бўйича ишларни қайта кўриб чиқиш керак. Бунда рақамлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор бериш лозим.

Яна бир жиҳат. Берилган мораторий Қўмита учун бир имконият эди. Мазкур муддатда мана шу ишларни тўғрилаб олиш учун берилганди. Мораторий даврида дарахт кесилмасин-у, кейин кесаверилсин, деган муддат эмасди. Ваҳоланки, бу – қонунчиликни такомиллаштириш, механизмларни қайта кўриб чиқиш, жамоатчилик билан алоқаларни ўрнатиш, умуман, барчасини йўлга қўйиб олиш учун имкон эди. Мораторий даври тугагандан сўнг ишланган механизм ўз-ўзидан ишлаб кетилаверарди, афсуски мораторийга 6 ой қолди, лекин ҳеч нарса тайёр эмас”, дея вазиятга баҳо берди Танзила Норбоева.

Аввалроқ, Ўзбекистонда 2021 йилнинг 6 ойи давомида республикада дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2 597 та ҳуқуқбузарлик содир этилган ва ўсимлик дунёсига 6,7 млрд сўм зарар етказилгани ҳақида хабар берган эдик.

2021 йилнинг бошидан дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши ва шикастлантирилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳудудлар кесимида таҳлил этилганда энг кўп Қорақалпоғистон Республикаси – 1 065 та, Самарқанд – 609 та, Қашқадарё – 534 та, Навоий – 349 та, Тошкент вилоятлари – 344 та ҳиссасига тўғри келган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 30
Рейтинг: 3.3
t
×