Ноқонуний тамакилар нега ёқиб юборилади?
Бизнес
−
07 Июль 2023
6040Жорий йилнинг 6 июль куни Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманидаги заводлардан бирида давлат божхона хизмати органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган қалбаки маҳсулотлар – жами 228 минг 144 қути тамаки маҳсулоти ёқиб, йўқ қилинди. Жараённи QALAMPIR.UZ бевосита кузатди.
Тадбирда Божхона қўмитаси ва Тошкент вилояти божхона бошқармалари масъул раҳбар ва ходимлари, Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Санитария эпидемиологик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, Мажбурий ижро бўлими ходимлари, Интелектуал мулк департаменти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
“Жорий йилнинг 22 февраль куни Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Миробод туманидаги хонадонлардан бирида ўтказилган тезкор тадбирда бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган ва ноқонуний йўллар билан олиб кирилган 140 дан зиёд турдаги 228 минг 144 қути тамаки маҳсулотлари қонунга хилоф тарзда сақланаётганлиги аниқланган эди. Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг жорий йил 15 июндаги хукмига кўра, жиноят иши бўйича ашёвий далил тариқасида олинган мазкур тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш белгиланди.
Шу куни айнан ушбу тамаки маҳсулотлари – 228 минг 144 қути сигаретлар журналистлар, блогерлар ва кенг жамоатчилик вакиллари гувоҳлигида ёқиб юборилди”, деди Божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Отабек Ибрагимов.
Ноқонуний тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш тадбиридан сўнг, журналист ва блогерлар учун Божхона қўмитаси раҳбарияти ва Мажбурий ижро бюроси вакиллари иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда ноқонуний тамаки маҳсулотларига қарши мамлакатда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирилди.
“2022 йилда божхона органлари томонидан 338 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида 19,8 млрд сўмлик 1 млн 619 минг қути сигарет товарларининг ноқонуний реализациясига чек қўйилган.
Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона органлари томонидан 85 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган, шунингдек 253 та ҳолатда маъмурий ишлар юритилиб кўриб чиқиш учун судларга юборилган.
2023 йилнинг 6 ойида божхона органлари томонидан 155 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида 37,5 млрд. сўмлик 1 млн. 610 минг қути сигарет товарларининг ноқонуний реализациясига чек қўйилган.
Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона органлари томонидан 53 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган, шунингдек 90 та ҳолатда маъмурий ишлар юритилиб кўриб чиқиш учун судларга юборилган.
Бундан ташқари ноқонуний сигарет маҳсулотлари билан боғлиқ 12 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари божхона органлари томонидан кўриб чиқилмоқда.
2022 йилда ноқонуний муомаладан олинган 1 млн. қутидан ортиқ, 2023 йилнинг ўтган даврида эса 100 минг қутидан зиёд сигарет товарлари белгиланган тартибда йўқ қилинган”, дея маълумот берди Ибрагимов.
Масъулларнинг айтишича, Ўзбекистонда ноқонуний муомалага киритилаётган, қонунга хилоф равишда чегарадан олиб ўтилаётган маҳсулотларга қарши жиддий кураш олиб борилмоқда. Аммо нима учун рақамлар ошса-ошяптики, асло камаймаяпти? Нима учун ҳалигача қалбаки тамаки маҳсулотлари мамлакат ҳудудида айланишда давом этмоқда?
“2023 йилнинг 15 февралидан 15 мартига қадар республика бўйлаб 200дан ортиқ контрафакт маҳсулотлари аниқланди. Унга яраша жавобгарлик белгиланган. Бугунги кунда мазкур ҳолатларнинг барчаси судларга оширилган. Биздаги рақамлар йилдан-йилга тушяпти, ошаётгни йўқ. Ҳамма контрафакт маҳсулотлар учун жавобгарлик катта эканини биляпти. Шунинг учун барча тадбиркорлар ўзининг брендини олиб, фаолият юритишга ҳаракат қиляпти”, дейди Интелектуал мулк департаменти бошқарма бош маслаҳатчиси Аброржон Қодиров.
Аммо Илмий тадқиқотлар ва инновациялар департаментининг Ўзбекистон Республикасида ноқонуний айланган тамаки маҳсулотлари бўйича умумий ўрганишлари шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги 2 йил ичида Ўзбекистон Республикасида ноқонуний тамаки бозори 3 баробардан зиёд ошган. Биргина 2023 йил май ойида ноқонуний тамаки маҳсулотларининг улуши 23,1 фоизни ташкил этган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси бюджетининг умумий йўқотишлари 260 млрд сўмни ташкил қилган.
“Минг афсуски, тамаки маҳсулотларига мамлакатда талаб катта. Бундан фойдаланган айрим фуқаролар мўмай даромад орттириш мақсадида тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб киришга уриниш ҳолатлари учрамоқда. Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаслигига қарши нафақат божхона хизмати, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки кенг жамоатчилик биргаликда курашиши керак. Бугунги кунда шундай имконият борки, фуқаролар қайсидир дўконда ноқонуний тамаки маҳсулотлари сотилишига гувоҳ бўлаётган бўлса, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бериши мумкин. Божхона қўмитасининг 1108 ишонч телефонларига қўнғироқ қилиш сўралади”, деди Божхона қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари Нурбек Саломов.
Шунингдек, брифинг давомида нима учун йўқ қилишнинг айнан бу усули танлангани, қалбаки маҳсулотлар хорижий мамлакатларда қай тарзда йўқ қилиниши, бу борадаги хорижий тажриба қандайлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб олинди.
“Бундай товар маҳсулотини йўқ қилишда экологияга, аҳоли саломатлигига зарар етказмаслиги инобатга олинади. Мазкур ҳудуд аҳоли яшаш пункитидан узоқроқда, саноат зонасида жойлашгани учун махсус печда ёқиб йўқ қилинди. Бу атроф-муҳитга зарарли чиқинди чиқишининг олдини олишга ёрдам беради”, деди Тошкент шаҳар Чилонзор туман МИБ ходими Дониёр Йўлдошев.
Таҳлилларга кўра, республикамиз ҳудудига тамаки маҳсулотларини асосан Туркия, Россия, БАА, Тожикистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан ноқонуний тарзда олиб киришга уринмоқда. Ички ҳудудлар кесимида таҳлил қилинса, аниқланаётган энг кўп ноқонуний сигарет маҳсулотлари Наманган, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
LiveБарчаси