Нодирбек Абдусатторов нуфузли турнирда 3-ўринни эгаллади
Спорт
−
15 Декабрь 2023
5543Канаданинг Торонто шаҳрида ўтказилаётган шахмат бўйича Champions Chess tour-2023 турнири ўзининг якуний палласига кирди. Мусобақанинг ярим финалида ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов америкалик Уэсли Со билан тўқнаш келиб, имкониятни бой берди.
Ярим финалнинг 1-сетида рақибидан 2,5:1,5 ҳисобида устун келган Ўзбекистон вакили 2-сетда худди шундай ҳисобда мағлубиятга учради.
3-сетда дастлабки 2 та партия дуранг билан якунлангач, томонлар тай-брекда ғолиб номига ойдинлик киритадиган бўлди. Қора доналарда рақибидан 5,5 дақиқа камроқ вақт билан ўйнаган Абдусатторов яхши позицияда бўлишига қарамай, якунда битта хато юриш натижасида рақибига устунликни бериб қўйиб, мусобақадаги юришини тўхтатди.
Иккинчи ярим финалда норвегиялик Магнус Карлсен АҚШ вакили Фабиано Каруанани мағлуб этиб, финалга йўл олди.
Шундай қилиб, ўзбекистонлик шахмат устаси турнирда 3-ўринни қўлга киритиб, 50 минг АҚШ доллари пул мукофотига эга чиқди.