Нобель мукофотини топшириш маросимига Россия, Беларусь ва Эрон таклиф этилди
Олам
−
02 Сентябрь 2023
8031Жорий йилнинг 10 декабрь куни бўлиб ўтадиган Нобель мукофотини топшириш маросимига Россия, Беларусь ва Эрон элчилари яна таклиф қилинди. Бу ҳақда Нобель жамғармаси маълум қилди.
Айтилишича, Стокгольмдаги тадбирга Россия, Беларусь ва Эрон элчилари билан бир қаторда ўта ўнгчи Швеция Демократик партияси етакчиси Жимми Акессон ҳам таклиф этилган. Билдирилишича, жамғарма ҳатто Нобель мукофоти қадриятларига эга бўлмаганларни ҳам тадбирга жалб қилишга ҳаракат қилмоқда.
Ўз навбатида, Швеция Бош вазири Ульф Кристерссон Фонднинг 2023 йилда Нобель мукофотини топшириш маросимига Россия, Беларусь ва Эронни таклиф этиш қароридан ҳайратда эканини билдирган.
“Албатта, кимни таклиф қилишни Нобель жамғармаси ҳал қилади, лекин мен ҳам кўпчилик каби Россияни таклиф қилганидан ҳайратда қолдим. Мен бу таклиф Швецияда ҳам, Украинада ҳам кўпчиликни хафа қилганини тушунаман”, деган Швеция Бош вазири.
Ўз навбатида, Европарламент депутати Карин Карлсбро жамғармани “хавфли прецедент” яратишда айблаган.
“Нобель жамғармаси Украина маданият марказларига ракеталар ташлаб, болаларни ўлдирган Россияни жозибали зиёфатга таклиф қилиш учун яшил чироқ ёқди”, дейди Карлсбро.
Нобель жамғармасининг қарори Украина Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳам қораланган.
“Россия элчиси Стокгольм концерт залида яхши либосда ўтирган куни Россия армияси босиб олинган Украина ҳудудларида яна бир ҳарбий жиноят содир этади ва Россия ракеталари Украина шаҳарларидаги яна бир турар-жой ҳудудини вайрон қилади”, деб ёзган вазирлик матбуот котиби Олег Николенко Facebook'даги саҳифасида.
Маълумот учун, ҳар йили олтита Нобель мукофотидан бештаси Стокгольмда, тинчлик бўйича Нобель мукофоти эса Ослода ўз эгаларига топширилади. Ўтган йили Нобель жамғармаси Россиянинг Украинага бўлган тажовузи туфайли Россия ва Беларусь элчиларини маросимга таклиф этмаган. Ўшанда Эрон ҳам таклиф қилинмаган эди. Теҳрон узоқ вақтдан бери инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият туфайли танқидларга учраб келади.