Нижегородда мигрантларга патент бериш тўхтатилди
Олам
−
01 Октябрь
7204Бугун, 1 октябрдан бошлаб Россиянинг Нижегород вилоятида “визасиз” режимдаги мамлакатлардан келган чет эллик фуқароларга меҳнат патентлари берилиши тўхтатилди. Бу ҳақда ИИВ вилоят бошқармасига таяниб, “Коммерсанть” хабар берди.
Қайд этилишича, Россия Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовойнинг 2024 йил 23 сентябрь куни қабул қилган №1/11198-сонли фармойишига асосан, жорий йил 1 октябридан бошлаб Россия Федерацияси ҳудудига кириб келган чет эл фуқароларига Нижегород вилояти ҳудудида 2025 йил 1 мартга қадар вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи патент берилиши вақтинча тўхтатилди. Вилоятдаги ИИВ миграция масалалари бўйича бошқарма аввал берилган патентларни қайта расмийлаштиришни давом эттиради.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-июль ойларида Нижегород вилоятига кирган мигрантлар сони 24 фоизга камайиб, 61 мингни ташкил этган. Улардан 62 фоизи айнан меҳнат мигрантлари ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда рус тилини билмайдиган мигрантлардан энди фуқаролик бўйича аризалар қабул қилинмаслиги хабар қилинган эди.
LiveБарчаси