“Нима бўлди, жаноб Путин?”. Озарбайжон телевидениеси Путинни кескин танқид қилди (видео)

Олам

image

Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги рейдда Озарбайжон фуқароларининг вафоти ортидан AzTV Россия Президенти Владимир Путинни ва Москвадаги озарбайжонликларга қарши олиб борилаётган сиёсатни кескин танқид қилди. Бу ҳақда AzTV раиси Равшан Маммадов “Ҳафта” таҳлилий-информацион дастурида фикр билдирди.

“Нима бўлди, жаноб Путин? Озарбайжоннинг минтақада кучли давлатга айланиши, сўнгги 200 йилда илк бор бир қарич ер бермай, балки ўз кучи билан ер қайтариб, суверенитет ва ҳудудий яхлитлигини тиклаши, миллий манфаатларини ҳимоя қилиши, Президент Илҳом Алиевнинг глобал саҳнада етакчи сифатида тан олиниши ва энг йирик халқаро минбарлардан эътироф этилиши сизни шунчалик безовта қиляптими? Биз тушунамиз, ахир сиз буюк Россия ўз ҳудудига мажбуран қўшиб олган халқлар устидан ҳукмронлик қилишга ўргангансиз”, дейди Маммадов.

Шунингдек, у Подшо Россияси даврида ҳам, Иттифоқ замонида ҳам “олий ирқ” деб рус халқи ҳисобланганини, озарбайжонликлар, ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар ва бошқа халқлар эса ҳар доим иккинчи даражали халқ сифатида кўрилганини айтган.

“Бугун эса иккала империя тарихнинг чиқиндихонасига улоқтирилган бўлса-да, бу қараш ўзгармади, бу анъана давом этмоқда. Бир пайтлар Сталин бош кўтариб эркинлик талаб қилганларни НКВД орқали йўқ қилган бўлса, бугун Путин ҳақиқатни айтганларни ОМОН билан жазолайди. Яъни 1937 йил давом этмоқда – янада қаттиқ, янада даҳшатли”, дейди журналист.

Бундан ташқари у, “Кремль расмийлари ва айниқса Россия Президенти Владимир Путин бу 1937 йил эмас, 2025 йил эканини англаяптими?”, дея савол қўйган.

“Бир вақтлар Иттифоқ таркибида бўлган давлатлар аллақачон 30 йилдирки мустақил. У англаяптими: тарих ҳеч нарсани унутмади! На Сталин давридаги репрессияларни, бу даврда озарбайжон халқининг зиёлилари йўқ қилинганини, на 20 январь воқеаларини, на Хўжали қатлиомини, на Озарбайжон ерларининг босиб олиниши ва 30 йил давомида бу ерларнинг ишғол остида бўлишини – бу ерда юзада Арманистон бўлса-да, орқасида айнан Россия тургани аён”, дейди Маммадов.

У Қарабоғ муаммосининг ечилишига Россия йўл қўймаганини даъво қилган.

“Ҳа, айнан Россия. 30 йил давомида ўзи яратган Қарабоғ муаммосининг ечилишига йўл қўймаган ва бу йиллар давомида айнан Озарбайжоннинг Қарабоғ томирини босиш орқали бизга чексиз азоблар берган, асабимиз ва миллий ғуруримиз билан ўйнаган Россия бугун Қарабоғ масаласи ҳал этилгач, ўзининг ғазабини мамлакатида яшаётган озарбайжонликларга қаратмоқда”, дейди у.

Равшан Маммадов кейин Россия куч ишлатар тузилмаларининг Екатеринбургдаги рейди видеолавҳасини намойиш этган.

“Мана, қаранг. ОМОН махсус бўлинмаси Екатеринбург шаҳрида айнан озарбайжонликлар яшайдиган ўндан ортиқ уйларга рейд ўтказмоқда. Сафаровлар оиласига уюштирилган босқин вақтида тинч фуқаролар шафқатсизларча калтакланиб ўлдирилди, тирик қолганлар ҳибсга олинди. Бу зўравонликлар озарбайжонликларга нисбатан биринчи ҳам, охиргиси ҳам эмас. Бу ваҳшийлик айнан Қарабоғдаги ғалабадан сўнг Россиянинг озарбайжонликларга қарши кучайган шовинистик сиёсатининг, қасос операциясининг бир қисми”, дейди у.

Шу билан бирга, у ўтган йили декабрь ойида Озарбайжон самолётининг Қозоғистонда “Россия томонидан уриб туширилган”ини ҳам айтиб ўтган.

“Энди эса Россия томони воқеани ўрганяпмиз, дейди. Нима ўрганилади? Ўтган йил декабрь ойида Бакудан Грознийга учаётган AZAL самолёти айнан Россия осмонида ракета билан уриб туширилган эди. 38 киши ҳалок бўлди. Россия бу фожиа ортидан ҳатто очиқ, расмий узр сўрай олмади. Озарбайжонлик депутат Москва аэропортида ҳеч қандай сабаб кўрсатилмасдан қўлга олиниб, мамлакатга киритилмади. Кўплаб киберҳужумлар тўғридан тўғри Россиядан келмоқда. Соловьёв каби унсурлар Озарбайжон халқига таҳдидлар йўлламоқда – бу ҳам оддий YouTube каналида эмас, балки Россиянинг давлат телеканалида”, дейди Маммадов.

Ҳаммаси нимадан бошланганди?

27 июнь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Федерал хавфсизлик хизмати томонидан озарбайжонликлар яшайдиган манзилларда ўтказилган рейдлар оқибатида Озарбайжон Республикаси фуқаролари вафот этганди. Рейдлар давомида 9 киши ҳибсга олинган.

Россия томони ўз баёнотида Екатеринбургда “ўтган йилларда содир этилган жиноятларни тергов қилиш доирасида бир қатор шахслар қўлга олингани, уларнинг уйларида тинтув ўтказилганини” маълум қилган. Рус ОАВнинг ёзишича, рейдлар чоғида “Boku Plaza” савдо марказида ҳам тинтув ўтказилган.

Қайд этилишича, Екатеринбургда 50 дан ортиқ озарбайжонлик ушланган, айримлари сўроқдан сўнг қўйиб юборилган. Бу ушлашлар 2001 йилда бир савдогар ўлдирилган ҳолат бўйича очилган жиноят иши доирасида амалга оширилган. Ўшанда марҳум “Каспий” кафеси ёнида пичоқланган. Қотилликда кафе эгалари ака-ука Зиёддин ва Ҳусай Сафаровлар гумонланувчига айланган. Марҳум жон беришидан олдин уларнинг исмларини айтган. Ўша вақтларда Сафаровларни жавобгарликка тортишнинг иложи бўлмаган. Ака-укалар 24 йил ўтиб, бу ишни аллақачон ёпилган деб ҳисоблаган.

Сафаровлар оиласининг танишига кўра, ҳибсга олиш чоғида ака-ука ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтган. Улар шифохонага ётқизилган. Ака-укалар вафот этган. 

Манбаларнинг хабар беришича, тергов доирасида Озарбайжон диаспораси раҳбари Шоҳин Шихлинский ҳам сўроқ қилинган. Бироқ Шихлинский бу маълумотларни “ёлғон ва бўҳтон” деб атаган.

Россиянинг Бакудаги элчихонасининг муваққат ишлар вакили Пётр Волоков Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга расмий норозилик билдирилган. Баёнотда айтилишича, рейд оқибатида икки озарбайжонлик ваҳшийларча ўлдирилган, бир неча киши оғир яраланган, тўққиз киши ҳибсга олинган.

Шунингдек, Озарбайжондаги барча маданий тадбирлар, жумладан, Россия давлат ва хусусий муассасалари томонидан ўтказилиши режалаштирилган концертлар, фестиваллар, спектакллар, кўргазмалар бекор қилинди.

Бундан ташқари, Миллий Мажлис Матбуот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими Миллий Мажлис раисининг биринчи ўринбосари Али Аҳмедов бошчилигидаги делегация Москвада бўлиб ўтиши керак бўлган Озарбайжон ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг 23-йиғилишида иштирок этмаслигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Озарбайжон Равшан Маммадов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг