Никоҳдан ўтишда 1 ойлик муддат бекор қилиниши мумкин
Жамият
−
22 Апрель 2022
19476Оила кодексида никоҳланувчи шахслар ФҲДЁга ариза берганидан вақтдан бошлаб 1 ой ўтгач никоҳи қайд қилиниши белгиланган. Бу вақтда никоҳланувчи шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши лозим.
Алоҳида ҳолларда, яъни ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги, хизмат сафари каби узрли сабаблар бўлганда 1 ойлик муддат қисқартирилган ҳолда никоҳни қайд қилишга рухсат берилган.
Амалиётда никоҳни қайд қилишнинг 1 ойлик муддатини қисқартириш учун айрим фуқаролар ФҲДЁ органларига сохта тиббий маълумотномалар тақдим этиш, ФҲДЁ ва соғлиқни сақлаш органларида ортиқча қоғозбозлик, бюрократия ва коррупциявий ҳолатларга йўл қўйиш каби салбий ҳолатлар мавжуд эди.
Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа муаллифи Адлия вазирлиги.
Мазкур лойиҳада Оила кодексининг 13, 17 ва 212-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳамда никоҳни қайд этишнинг бир ойлик муддати ва уни қисқартириш учун асос бўлувчи ҳолатларни бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси қабул қилинса, никоҳланувчи шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтгандан сўнг 1 ойлик муддатни кутмасдан никоҳини расмийлаштириши мумкин бўлади.
Таҳлилларга кўра никоҳни қайд қилиш учун 2021 йилда 300 мингдан ортиқ, 2022 йилнинг 1-чорагида 45 мингдан ортиқ аризалар келиб тушган бўлиб, ариза топширилган вақтдан бошлаб бир ойлик муддатда аризаларни қайтариб олиш юзасидан мурожаатлар келиб тушмаган.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши никоҳни қайд этишда ортиқча қоғозбозлик ва бюрократик ҳолатларни бартараф этиш, никоҳланувчиларда давлат органларига нисбатан норозилик кайфияти келиб чиқишига йўл қўймаслик, никоҳни қайд этиш жараёнини соддалаштиришга хизмат қилиши таъкидланмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь