Нигерияда фавқулодда ҳолат жорий этилди
Олам
−
04 Декабрь 3668 2 дақиқа
Нигерия Президенти Бола Аҳмад Тинубу мамлакатда оммавий одам ўғирлашлар сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилди. Шунингдек, у Қуролли кучлар ва полиция сафига қўшимча кадрлар жалб қилишни буюрди. Бу ҳақда Президентнинг ахборот ва стратегия бўйича махсус маслаҳатчиси Байо Онануга Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, полиция қўшимча 20 минг ходим ёллайди, натижада уларнинг умумий сони 50 минг нафарга етади. Нигерия раҳбари, шунингдек, узоқ ҳудудлардаги етарли даражда қўриқланмайдиган мактаб-интернатлар масаласини қайта кўриб чиқишга чақирган. Масжид ва черковларга ибодат пайтида хавфсизлик хизматларидан ёрдам сўраш тавсия қилинган, чорвадорлардан эса очиқ яйловларда молларни боқишни тўхтатиш ва ноқонуний қуролларни топшириш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нигерияда бир нечта мактаб ва черковларга ҳужумлар содир бўлган эди. Хусусан, жорий йилнинг 21 ноябрь куни Нигер штатида қуролланган шахслар Авлиё Мария католик мактабига ҳужум қилиб, 215 ўқувчи ва 12 ўқитувчини ўғирлаб кетган.
АҚШ Нигерия ҳукуматини исёнчилар томонидан насронийларнинг оммавий ўлдирилишига кўз юмаётганликда айблаган. АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳатто ҳарбий операция ўтказиш эҳтимолини ҳам тилга олган.
Нигерия ҳукумати эса насронийлик мамлакатда йўқ бўлиб кетиш хавфи остида эмаслигини билдирган. Ватикан ҳам Нигериядаги насронийлар бўйича юзага келган дипломатик инқирозга муносабат билдирган. Ватикан бош дипломати кардинал Пьетро Паролин Нигерия раҳбариятининг “бу зўравонлик диний конфликт эмас, аксинча ижтимоий тусга эга ва ундан барча конфессиялар вакиллари азият чекмоқда”, деган позициясини қўллаб-қувватлаган.
Live
Барчаси