Нидерландиялик мутахассис “Пахтакор”га бош мураббий бўлди

Спорт 3839
image

Нидерландиялик мутахассис Питер Хюистра “Пахтакор” жамоасининг бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда клубнинг расмий веб-сайтида маълум қилинган

Хабар қилинишича, шу кунга қадар жамоада ёрдамчи мураббий сифатида ишлаб келган нидерландиялик мутахассис Питер Хюистра энди “Пахтакор” бош мураббийига айланган. 

Қайд этилишича, Питер Хюистра “Пахтакор”нинг собиқ бош мураббийи Шота Арвеладзе билан мураббийлар штабида бирга фаолият юритиб келган.

Маълум ўрнида, Питер футболчилик фаолиятида Шотландиянинг машҳур клубларидан бири “Глазго Рейнжерс” шарафини беш мавсум ҳимоя қилиб, беш марта чемпионликка эришган. 

Шунингдек, Питер “Гронинген”, “Вендам”, “Твенте”, “Санфречче Хиросима”, “Льерс” ва “Розендал” каби клубларда ўйнаган. Нидерландия, Шотландия, Япония ва Бельгия чемпионатларида жами 413 беллашувда 78 гол урган. Нидерландия терма жамоаси таркибида 1988–1991 йилларда 8 ўйинда майдонга тушган.

Хюистра мураббийлик ишини 2001 йил “Гронинген” ёшлар жамоасида бош мураббий сифатида бошлаган. Тўрт йиллик фаолиятидан сўнг, “Витесс” ва “Аякс” клубларида ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган. Кейин “Аякс” ёшлар жамоаси, “Гронинген”, “Де Граафсхап” клублари ва Индонезия терма жамоасида бош мураббий сифатида фаолият олиб борган.

У 2017 йил июнь ойидан бошлаб “Пахтакор”да ёрдамчи мураббий сифатида ишлаб келганди. Эндиликда, у – бош мураббий. 

Эслатиб ўтамиз, “Пахтакор”нинг собиқ бош мураббийи Шота Арвеладзе ўтган йилнинг 22 декабрида клубни тарк этган эди. У  клубда уч йил фаолият юритиб, икки марта Ўзбекистон чемпионати ва Кубогида, шунингдек, бир бор Лига Кубогида ғолиб бўлган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 100
Рейтинг: 3
t
×